Наманганда сув талашган фуқароларнинг бири иккинчисини ўлдириб қўйди
Жабрланувчи жанжалдан 4 кун ўтиб вафот этган
Наманган шаҳри Давлатобод туманида сув талашган фуқароларнинг бири иккинчисини ўлдириб қўйди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Юксалиш МФЙ ҳудудида жойлашган «Наманган парранда саноат» МЧЖга қарашли мевали боққа сув қўйиш мақсадида борган фуқаро тунги соат 21:00 атрофида ўша ерда яшовчи таниши боғига йўналтирилган сувни тўсиб олганини пайқайди. Бундан аччиқланиб, жаҳл устида у билан жанжаллашади. Фуқаро жанжал давомида танишининг бош ва танасининг турли жойларига уриб, жароҳат етказади.
Жароҳатланган фуқаро оила аъзолари томонидан Тўрақўрғон тумани тиббиёт бирлашмасига олиб борилиб, даволанишга ётқизилади. Кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай, жабрланувчи орадан 4 кун ўтиб шифохонада вафот этган. Ўлим сабаби сифатида бош мия оғир ёпиқ шикасти, бош миянинг оғир даражада лат ейиши ва қон қуйилиши, тан жароҳатлари эса ўтмас буюм таъсирида ҳосил бўлгани кўрсатилган.
Ҳолат юзасидан айбланувчига нисбатан Жиноят кодексининг 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 3-қисми «д» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, унга қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Аввалроқ Жиззахда 24 ёшли йигит сув талашиб, жиянини ўлдириб қўйгани хабар қилинганди. Шунингдек, вилоятда маст фуқаро танишининг бошига челак билан уриб ўлдириб қўйганди.