Тошкентда Марказий Осиёдаги энг йирик вакциналар сақланадиган совуқлик омбори очилди
Тошкент шаҳрида 20 ноябрь куни вакциналарни сифатли сақловчи йирик совуқлик омбори ишга туширилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Иншоотнинг очилиш маросимида UNICEF‘нинг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича минтақавий директори Афшан Хан, ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Лиан Куппенс, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати мутасаддилари ҳамда бошқа масъуллар иштирок этган.
Тадбирда оналар ва болалар саломатлиги ва касалликларнинг олдини олиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири экани, бундай миқёсдаги совуқлик омборининг очилиши соҳада бошланган саъй-ҳаракатларни янада жадаллаштириши алоҳида таъкидланди.
Қолаверса, мазкур омбор мамлакатда миллий эмлаш дастури учун логистика марказига айланиб, вакциналарни етказиб бериш ва уларни бошқариш бўйича имкониятларни янада кенгайтириши ҳамда Ўзбекистонда ишончли эмлаш тизимини яратишга хизмат қилиши айтиб ўтилди.
Республика вакциналар омбори катта миқдордаги турли вакциналарни сақлашга мўлжалланган муҳим иншоот бўлиб, деярли 1000 квадрат метрдан иборат учта совуқлик камераси (2–8 даража), ультрасовуқ совуткичлар (3000 литр ҳажмли) ва музлаткич хоналар (40 куб метр) билан жиҳозланган. Шу билан бирга, иншоот иммунизация учун зарур материаллар сақланадиган 1000 квадрат метр қуруқ омборга ҳам эга.
Омборхонада юкларни тез ва самарали бошқариш учун электр юк кўтаргичлар, док навеслари, текислаш платформалари ва кўтариш механизмлари мавжуд. Улар иккита электр тармоғига уланган бўлиб, узлуксиз электр таъминоти учун кучли заҳира дизель генераторига эга.
«Яхши ишлайдиган таъминот тизими ва совуқлик занжирига эга бўлиш самарали миллий иммунизация дастури учун жуда муҳим. UNICEF Ўзбекистоннинг бутун миллий таъминот тизими ва совуқлик занжири узлуксиз ишлашига ҳисса қўшадиган ҳамда минтақадаги бошқа мамлакатларга намуна бўла оладиган ушбу объект қурилишида иштирок этганидан мамнун», — дейди UNICEF’нинг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича минтақавий директори Афшан Хан.
Тадбирда соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев ҳам иштирок этган.
Аввалроқ Ўзбекистонга илк бор кўчма мобил ПЦР лабораторияси олиб келингани хабар қилинганди. Шунингдек, Президент тиббий хизматлар кўрсатиш сифатини яхшилашга оид қарорни имзолаган.