Янгиликлар - 9:11 · 20.11.2021

«UzAuto Motors» «Captiva 5» етказиб беришни тўхтатди

«UzAuto Motors» «Captiva 5» автомобилларини етказиб беришни тўхтатганини маълум қилди. Бу ҳақда компания ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «autostrada.uz»

Маълум қилинишича, юзага келган ҳолат компания тарихида биринчи бор юз бераётган бўлиб, «UzAuto Motors» АЖ раҳбарияти ва жамоаси мижозлардан келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраган ҳамда айни пайтдаги вазиятда мижозлари учун қайғуриб, қабул қилинган қарори ягона тўғри қарор эканини билдирган. 
 
Қайд этилишича, мижозлар мурожаатидан кейин 3 кун ичида тузилган шартномалар бўйича тўланган барча маблағлар тўлиқ қайтарилади. Шунингдек, компания қўшимча равишда олдиндан тўлов суммасининг 5 фоизини компенсация сифатида тақдим этади.

Бундан ташқари, янги кроссовер сотиб олиш эҳтиёжида бўлган харидорлар ўз хоҳишига кўра, «Chevrolet Captiva 5» автомобили ўрнига «Chevrolet Equinox» ёки «Tracker» моделларини харид қилиши мумкин. Алмаштирилган автомобилларни етказиб бериш муддати «Chevrolet Captiva 5» учун тузилган шартномаларга мувофиқ, 2022 йил январь ойидан кечиктирилмаган ҳолда  амалга оширилади.

Шунингдек, харидорларга юқорида кўрсатилган муддат асосида «Chevrolet Captiva 5» автомобили ўрнига «Malibu», «Cobalt» ёки «Trailblazer» автомобилларини харид қилиш имкониятини кўриб чиқиш таклиф этилади.

Аввалроқ «UzAuto Motors» «Spark» автомобилини сотишни тўхтатмаслигини маълум қилганди. Шунингдек, «UzAuto Motors» компаниясига янги бош директор тайинланганди.