Хоразм вилояти Урганч туманида қарздорга тегишли 2 та «Captiva» хатланди. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси матбуот хизмати «Bugun.uz»га хабар берди.

Фото: Мажбурий ижро бюроси матбуот хизмати

Фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судининг ижро ҳужжатига асосан, қарздор корхонадан «Агробанк»нинг Хоразм вилояти ҳудудий филиали фойдасига жами 288 410 030 қарз ҳамда 11 535 781 сўм давлат божи ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати бюронинг Урганч шаҳар бўлими иш юритувига келиб тушган ва давлат ижрочиси томонидан ижро ҳаракатларига киришилган.

Мазкур ижро ҳужжатлари бўлим иш юритувига келиб тушгандан сўнг давлат ижрочиси томонидан белгиланган тартибда «Ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисида»ги қарор қабул қилиб, қарздорга ихтиёрий муддат берилган.

Қарздор томонидан ихтиёрий муддатда ижро ҳужжати талаби бажарилмагани сабабли ушбу ижрони таъминлаш мақсадида мажбурий ижро ҳаракатларига киришилган.

Олиб борилган мажбурий ижро ҳаракатлари давомида қарздорга тегишли бўлган 2 та «Captiva» русумли транспорт воситалари хатланиб, вақтинча сақлаш мақсадида жарима майдонига қўйилган. 
Ҳозирда бюронинг Урганч шаҳар бўлими томонидан ижро иши юзасидан қарздорликни бартараф қилиш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда.

Аввалроқ Хоразмда қарзини тўламаган фуқаронинг юклагичи хатланганди. Шунингдек, Хоразмда кредитдан қарзи бор корхонанинг машинаси хатланган.