АҚШ разведкаси Россия Украинага қачон ҳужум қилишини айтди
АҚШ разведкаси Россиянинг Украинага қарши ҳужуми совуқ ҳаво тушиши билан амалга ошишини айтди. Бу ҳақда «CBS»га таяниб, «РИА Новости» хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳарбий ҳужум об-ҳаво шароитига боғлиқ, бироқ Ғарб аралашуви бўлмаса, бу бир неча ҳафта ичида содир бўлиши мумкин. АҚШ Европа Иттифоқи давлатларини Москвани ушлаб туриш учун иқтисодий ва ҳарбий чора пакетини ишлаб чиқишга ундамоқда.
Ўз навбатида, Украина Мудофаа вазирлиги разведка бош бошқармаси бошлиғи Кирилл Буданов Россия 2022 йил январь ойи охири–февраль ойи бошида ҳужум уюштиришни режалаштираётганини айтган. У Россия 2014 йилдан буён амалга оширилган барча операциялардан кўра каттароқ ҳужумни амалга оширмоқчилигини қайд этган. Бу ҳаво ҳужуми, артиллерия ва зирҳли ҳужумни ўз ичига олиши мумкин. Шундан сўнг Россия ҳаво-десант кучлари Украина шарқида, Одесса ва Мариуполда ҳужумга ўтиши, Беларусь томондан ҳужум қилиниши эҳтимоли ҳам борлиги айтилган.
Қайд этилишича, чегарада ҳаммаси бўлиб Россиядан 40 та батальон тактик гуруҳи тўпланган:
- 94 минг нафар ҳарбий;
- 1200 та танк;
- 2900 қуруқликдаги ҳарбий машина ва зирҳли транспорт;
- 1600 та артиллерия мосламаси;
- 330 та авиация қурилмаси;
- 75 та кема;
- 6 та сувости кемаси.
«Россия босиб олинган Қримда ‘Iskander’ баллистик тизимини жойлаштирмоқда, шунингдек, қўшин миқдорини оширмоқда. Ҳар қандай ҳужумдан олдин, аввало, Украинадаги вазиятни беқарорлаштириш ва мамлакатнинг ўзини ҳимоя қилиш қобилиятига путур етказиш бўйича қатор психологик операциялар ўтказилади. Улар халқнинг ҳукуматга қарши эканини кўрсатадиган норозилик ва митинглар орқали тартибсизликни қўзғатмоқчи», дейилади хабарда.
Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков мазкур хабар фонида Россия чегараси билан боғлиқ провакациялардан тийилишга чақирган. «Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчилари ҳарбий муштини чегарамизга қаратишни бас қилиши керак. NATO давлатлари Украинани замонавий қуроллар билан таъминлашни, уни ақлдан озган ҳаракатларга ундашни тўхтатиши керак», — деган Песков.
Аввалроқ Пентагон Украина ва Россия чегараси ҳақида маълумот берганди. Шунингдек, Британия Россия сабабли Украинага ҳарбийларини жойлаштирмоқчилиги хабар қилинган.