АҚШ Яқин Шарқ давлатларидан биридаги ҳарбий миссиясини тугатади
АҚШ 2021 йил охиригача Ироқдаги ҳарбий миссиясини якунлайди ва келишувга мувофиқ мамлакатни тарк этади. Бу ҳақда Пентагон матбуот котиби Жон Кибри маълумот берди.

Маълум қилинишича, Кибри АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин билан Ироқ мудофаа вазири Жума Инаднинг Баҳрайндаги учрашуви бўйича ёзма баёнот берган. Унда америкалик генерал Қўшма Штатлар ҳукумат таклифига биноан Ироқ хавфсизлик кучларини қўллаб-қувватлаш ва ИШИДга қарши курашда ёрдам бериш учун араб мамлакатида қолишини тасдиқлаган.
Унга кўра, Вашингтон 2021 йил июль ойида олган ўз мажбуриятларини бажаришда давом этади. Хусусан, Остин 2021 йил охиригача Ироқда жанговар миссия бажарувчи Америка кучлари қолмаслигига ваъда берган. Кирбининг сўзларига кўра, АҚШ ҳарбий миссиясининг кейинги босқичи Ироқ ҳарбийлари билан маслаҳатлашиш, ёрдам бериш ва разведка маълумотларини алмашишдан иборат бўлади.
Аввалроқ Ироқ махсус кучлари ИШИДнинг қаердан даромад олишини маълум қилганди. Шунингдек, АҚШнинг Афғонистондан чиқишига оид «яширин» маълумотлар очиқланганди.