Фаластиндаги Ҳамас гуруҳини қайси давлат молиялаштириши маълум бўлди
Ғазо секторини назорат қилувчи Ҳамас сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Хония Эрондан молиявий ва ҳарбий-техник ёрдам олишини маълум қилди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар берди.

Маълум қилинишича, Исмоил Хония бу ҳақда «Ал-Ақсо» телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтган. «Эрон билан алоқаларимиз стратегик аҳамиятга эга ва қаршилик лойиҳасининг жуда муҳим устунини ташкил этади. Ҳеч кимга сир эмаски, Эрон Фаластиндаги қаршиликка сиёсий, моддий, ҳарбий ва техник ёрдам беради», — деган Хония.
Шунингдек, у Ҳамаснинг Саудия Арабистони билан алоқаларига ҳам тўхталган. «Афсуски, сўнгги бир неча йил ичида Саудия Арабистонининг Хамасга нисбатан сиёсатида ўзгариш юз берди», — дея қайд этган у. Шу билан бирга, Саудия қироли Салмон бин Абдул Азиз ал-Сауд ва валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмонга мурожаат қилиб, ҳибсга олинган фаластинликларни озод қилишда ёрдам беришни сўраган.
Ҳониянинг айтишича, Хамаснинг халқаро ҳамжамиятда дўстлари бор ва кўплаб давлатлар билан алоқаси мавжуд. «Ҳамасни изоляция қилиш ёки қамал қилиш сиёсати, шунингдек, уни террорчи ташкилот сифатида таснифлаш муваффақиятсизликка учрайди», — деган у.
Маълумот ўрнида, 10 майдан Исроил армиясининг Ғазо секторига ракета ҳужумлари оқибатида 232 нафар фаластинлик, жумладан, 65 нафар бола ва 39 нафар аёл ҳалок бўлган. Исроил Ғазо секторидан тўрт мингдан ортиқ ракета учирилганини хабар қилган. Ҳаммаси бўлиб 260 киши Фаластин ҳудудида, шу жумладан, Иордан дарёсининг ғарбий соҳилида можаро қурбонига айланган. Исроил томонида камида 12 киши ҳалок бўлган.
Шунингдек, Ғазо анклавида деярли 1800 та уй-жой бутунлай йўқ қилинган, 16 минг 800 таси қисман зарар кўрган. Ғазо шаҳрининг марказида бешта кўп қаватли турар жой ва бутун сектор бўйлаб 74 та давлат идораси ва давлат муассасалари ҳужумга учраган. Уй-жой фондини ва инфратузилмани тиклаш камида 350 миллион долларга баҳоланган. Исроил ва Ҳамас 2021 йил 21 майдан ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришган.
Аввалроқ Ғазо секторига қилинган ҳужумда фосфорли қуроллардан фойдаланилгани маълум қилинган. Шунингдек, Исроил Ғазо секторидан ракета отиш давом эттирилса, қандай чора кўрилишини очиқлаган.