Қуддусда номаълум эркак отишма содир этди — видео
Исроилнинг Қуддус шаҳрида 21 ноябрь, якшанба куни номаълум эркак отишма содир этди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳодиса оқибатида 1 нафар исроиллик ҳалок бўлган, 3 киши яраланган, ҳужумчи эса зарарсизлантирилган. Ҳолат юзасидан Исроил бош вазири Нафтали Беннет Қуддус ҳудудида ҳарбий тайёргарлик даражасини ошириш бўйича кўрсатма берган.
«Ички хавфсизлик вазири ва полиция бош инспектори Қуддусда содир этилган теракт тафсилотлари бўйича ҳукумат раҳбарини хабардор қилди», дейилади баёнотда.
«The Jerusalem Post» хабарига кўра, ҳужумчи 42 ёшли фаластинлик Фади Абу Шкҳейдам бўлиб, Ҳамаснинг аъзоси сифатида танилган.
Аввалроқ Фаластиндаги Ҳамас гуруҳини қайси давлат молиялаштириши маълум бўлганди. Шунингдек, Исроил фаластинликларни кузатиш тизимини ишга туширгани ҳақида хабар берилган.