Янгиликлар - 11:26 · 21.11.2021

Хитойда археологлар Мин сулоласи давридаги қабрни аниқлади — фото

Хитойнинг Хэбэй провинциясида археологлар Мин сулоласи (1368–1644) даврига оид қадимий қабрни топди. Бу ҳақда «Xinhua» хабар берди.

Фото: «РИА Новости»

Маълум қилинишича, саккиз бурчакли ғиштдан қурилган дафн жойи яхши сақланган. Унинг ичида скелети бўлган иккита қабр аниқланган. Олимлар ҳалигача қолдиқларнинг ёшини, дафн этилганларнинг шахсини аниқлай олмаган. Шунингдек, археологлар яқин атрофдан тўртта оқ сирланган пластинка ва кўк рангли чинни косани топган. Ушбу топилма Мин сулоласига тегишли экани маълум қилинган. Мутахассислар топилма минтақадаги бошқа дафн жойларини ҳам ўрганиш имконини беришини қайд этган.

Маълумот ўрнида, Мин сулоласи даврида Хитой аҳолиси икки баравар кўпайган, флот қурилган, Ғарб билан маданий алоқалар ўрнатилган, мамлакат жаҳон майдонидаги етакчи давлатлардан бирига айланган. Бироқ Ли Цзичэн бошчилигидаги халқ қўзғолони сабабли Мин сулоласи деярли 300 йиллик ҳукмронликдан сўнг ағдарилган.

Фото: «Sunnews»
Фото: «Sohu»
Фото: «163.com»

Аввалроқ археологлар Перуда оммавий қабрларни аниқлаганди. Шунингдек, Туркияда қадимги юнон худолари ҳайкалларининг боши топилганди.