Хоразмда ёнида героин олиб юрган 2 эркакка жиноят иши қўзғатилди
Хоразм вилояти Қўшкўпир туманида 18 ноябрь куни ёнида героин моддасини олиб юрган икки нафар эркакка жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ходимлари томонидан вилоят ҳудуди таркибида гиёҳвандлик воситалари, психотроп, шунингдек, кучли таъсир қилувчи моддалар бўлган дори воситаларининг ноқонуний айланишига қарши курашиш бўйича профилактик тадбир ўтказилган.
Рейд давомида Қўшкўпир туман Оқдарбанд қишлоғи ҳудудида У.О. бошқарувидаги автомашина тўхтатилиб, текширилган. Қайд этилишича, 1970 йилда туғилган Қўшкўпир тумани Оқдарбанд қишлоғи Иттифоқ маҳалласида яшовчи О.У. ҳамда 1971 йилда туғилган О.Н. холислар иштирокида текширилган. Натижада О.У. ва О.Н.нинг ёнида 1 бўлак қоғоз парчасига ўралган 2 грамм героин моддаси борлиги аниқланган.
Таъкидланишича, гиёҳванд модда тегишли тартибда ҳужжатлаштирилган. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 273-моддаси (Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Аввалроқ Давлат хавфсизлик хизмати Сурхондарёда 115 килограмдан ортиқ гиёҳванд моддани мусодара қилганди. Шунингдек, Самарқандда 60 ёшли эркак опий сотаётгани аниқланган.