Ўзбекистон 10 ойда Хитойга қанча табиий газ экспорт қилгани маълум бўлди
Ўзбекистон январь–октябрь ойларида Хитойга табиий газ етказиб беришни 2,57 миллион тоннага (601,27 миллион АҚШ доллари) етказгани маълум қилинди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Маълум қилинишича, Пекинга табиий газ етказиб берувчи давлатлар ичида энг етакчиси Туркманистон ҳисобланади. Январь–октябрь ойларида Хитой ушбу мамлакатдан 5,38 миллиард долларга 19,79 миллион тонна газ импорт қилган. Етказиб бериш ҳажми бўйича иккинчи ўринда Россия, ундан кейинги ўринда Қозоғистон (865,01 миллион долларга 3,73 миллион тонна), тўртинчи ўринда Ўзбекистон (601,27 миллион долларга 2,57 миллион тонна) ва Мьянма (1,16 миллиард долларга 2,53 миллион тонна) туради.
Аввалроқ Ўзбекистон импортида энг кўп улушга эга давлатлар маълум бўлганди. Шунингдек, Ўзбекистон экспортида энг кўп улушга эга давлатлар айтилганди.