Феруза Бабашеванинг иши кўрилган йиғилиш бўйича расмий маълумот берилди
Халқ депутатлари Ўрта Чирчиқ туман кенгашининг 22 ноябрь куни бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишида депутат Феруза Бабашеванинг иши муҳокама қилингани ҳақида хабар берилганди. Туман ҳокимлиги ахборот хизмати ушбу йиғилиш бўйича расмий маълумот берди.

Маълум бўлишича, сессияда Халқ депутатлари Ўрта Чирчиқ тумани кенгаши раиси, туман ҳокими Олим Нурматов, туман ҳокимининг ўринбосарлари, сектор раҳбарлари, депутатлар, тегишли ташкилот ва корхона раҳбарлари ҳамда таклиф этилган оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган.
Сессия ишида 6 та масала кўриб чиқилган. Дастлаб сессия кун тартибидаги олтинчи масала ҳисобланган масала депутат Феруза Бабашеванинг таклифига кўра, кун тартибининг биринчи масаласи сифатида ёпиқ тарзда фақат кенгаш депутатлари иштирокида кўриб чиқилган.
Ушбу масала бўйича кенгашнинг регламент ва депутатлик одоби масалалари бўйича комиссияси раиси Дилором Зулёрова сўзга чиқиб, депутат Феруза Бабашеванинг дахлсизлиги ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги тақдимномаси юзасидан ахбороти эшитилиб, депутатлар томонидан Бабашева дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилинди ва унга нисбатан суд тартибида бериладиган маъмурий имтиёзларни қўллашга розилик билдирилган.
Шундан сўнг сессия кун тартибидаги бошқа масалалар тегишли корхона ва ташкилотлар вакиллари иштирокида очиқ тартибда кўриб чиқилган. Жумладан, Ўрта Чирчиқ тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари И.Қосимовнинг туманнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш рейтинг кўрсаткичларини ошириб бажаришга қаратилган аниқ амалий чора-тадбирлар дастурининг 9 ойи ижросининг бажарилиши тўғрисидаги ахбороти тингланган.
Кун тартибидаги учинчи масала юзасидан Президентнинг Ўрта Чирчиқ туманидаги Халқ қабулхонаси мудири Алишер Абдусаломовнинг туман халқ қабулхонаси, секторлар ва ташкилотлар раҳбарларининг аҳоли мурожаатлари ва муаммолари билан ишлаш ҳолати юзасидан ахбороти тингланган.
Кун тартибидаги тўртинчи масала юзасидан туман тиббиёт бирлашмаси мудири Зулхумор Мирзасаидованинг «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» давлат дастури доирасида туман тиббиёт бирлашмаси томонидан жорий йилнинг 9 ойи давомида бажарилган ишлар тўғрисидаги ахбороти тингланган.
Кун тартибидаги бешинчи масала юзасидан «Ўрта Чирчиқ туман газ» корхонаси бош муҳандиси Умидхўжа Отахўжаевнинг «Обод қишлоқ» Давлат дастури доирасида «Ўртачирчиқтумангаз» корхонаси томонидан 9 ой давомида бажарилган ишлар тўғрисидаги ахбороти тингланган.
Кун тартибидаги олтинчи масала юзасидан Ўрта Чирчиқ тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари И.Қосимовнинг «темир дафтар», «аёллар дафтари», «ёшлар дафтари» жамғармаларидан дафтарга киритилган фуқароларга моддий ёрдам ажратиш ҳамда маҳаллий буджет маблағларининг орттириб бажарилган қисмидан маблағ ажратилиши тўғрисидаги ахбороти тингланган.
Аввалроқ «Bugun.uz» мухбири ушбу кенгаш йиғилишига бориб, маълумот тўплаганди. Кейинчалик нашр манбаси Феруза Бабашевани дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги таклифни барча депутатлар қўллаб-қувватлаганини маълум қилганди.