18:03 | 22.11.21 94

Навоийда энергия соҳасида кадрлар тайёрлаш маркази ишга туширилади

Марказда йилига 200 нафар малакали мутахассис тайёрланади

Президент Шавкат Мирзиёев 22 ноябрь, душанба куни бўлиб ўтаётган йиғилишда Ўзбекистонда муқобил энергетикани ривожлантириш соҳасидаги вазифаларни белгилаб берди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби хабар берди.

Фото: «Bugin.kz»

Унга кўра, 2026 йилга қадар қуёш ва шамол электр станциялари умумий қувватини 8 минг мегаваттга етказиш зарурлиги белгиланган (аввалги режада 8 минг мегаватт қувватни 2030 йилгача барпо этиш белгиланган эди). Шунингдек, давлат раҳбари амалга оширилиши керак бўлган қуйидаги вазифаларни қайд этган:

  • йирик саноат корхоналари ҳам ўз энергия таъминоти бўйича қайта тикланувчи энергия манбаларини ташкил этиши учун зарур шароитлар яратиш керак. Аҳоли ва тадбиркорларни қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенг фойдаланишини қўллаб-қувватлаш лозим;
  • келгуси беш йилда 8 минг мегаваттли қуёш ва шамол электр станцияларини қуришда қарийб 6 миллиард долларлик бутловчи қисм ва материаллар харид қилинади. Шу муносабат билан уларни маҳаллийлаштириш чораларини кўриш лозим;
  • барпо этиладиган электр станцияларига минг нафардан зиёд муҳандис ва қарийб 3 минг нафар ўрта бўғин мутахассиси талаб этилади. Шунинг учун йил якунига қадар Навоийда қайта тикланувчи энергия соҳасида кадрлар тайёрлаш маркази ишга туширилади. Навоий, Сирдарёдаги ўқув марказларида халқаро стандартлар асосида йилига 200 нафар малакали мутахассис тайёрлаш йўлга қўйилади.

Аввалроқ Ўзбекистонда 10 та қуёш ва шамол электр станцияларини барпо этиш ишлари бошланганди.