Ўзбекистонда углеводород қазиб олишни амалга оширувчи юридик шахслар учун ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкасини нефть ва табиий газга пасайтирган ҳолда солиқ базасини аниқлашнинг янги тартибини киритиш таклиф этилмоқда. Молия вазирлиги ер қаъридан фойдаланганлик учун айрим солиқ ставкаларини пасайтириш таклифини билдирди.

Фото: «Bugun.uz»

Масалан, нефть учун 20 фоиздан 10 фоизга, табиий газ учун 30 фоиздан 10 фоизга пасайтирилиши назарда тутилган. Ушбу янгилик соҳадаги хусусий компаниялар, жумладан, олигархлар назоратида бўлган хорижий инвестиция компаниялари учун шароит яратилишими? 

Солиқ ставкасини пасайтириш республикага ушбу соҳага инвестиция жалб қилишда рақобатбардош бўлиши учун янги конларни ўзлаштиришга инвестиция жалб этиш, шунингдек, углеводородлар миқдори кам бўлган янги конларни ўзлаштиришни рағбатлантиришга қаратилгани айтилмоқда.

«Углеводород ишлаб чиқарувчи малакатларда нефть ва табиий газ учун ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси ўртача 5 фоиздан 10 фоизгача белгиланган. Бундан ташқари, нефть ва табиий газ қазиб олишни, қайта ишлашни амалга оширувчи корхоналар учун солиқ базасини аниқлаш тартиби такомиллаштирилмоқда. Шундай қилиб, бугунги кунда нефть ва табиий газни қайта ишлашда солиқ базаси қазиб олинган фойдали қазилма ишлаб чиқариш таннархини 20 фоизга оширган ҳолда аниқланса, 2022 йилнинг 1 январидан бошлаб солиқ базаси Netback (ортга ҳисоблаш) орқали тайёр маҳсулотни сотиш баҳосидан келиб чиқиб аниқланиши таклиф этилмоқда», — дейди молия вазири ўринбосари Дилшод Султонов «Bugun.uz»га берган интервьюсида.

Маълумот учун, Netback механизми етказиб бериш занжирининг маълум бир нуқтасидаги нарх маҳсулотнинг якуний таннархидан қиймат занжири (транспорт ва қайта ишлаш) бўйича харажатни чегириб ташлаган ҳолда «ортга ҳисоблаш» асосида аниқланади. Султоновнинг айтишича, агар нефть қазиб олувчи корхона мустақил равишда нефтни қайта ишлашни амалга оширса, солиқ базаси қазиб олинган нефтнинг ишлаб чиқариш таннархидан келиб чиқиб аниқланади.

«Демак, агар 1 тонна нефтни ишлаб чиқариш нархи 2 миллион сўм атрофида бўлса, солиқ базаси 2 миллион 400 минг сўм, солиқ суммаси эса тоннаси учун 480 минг сўм бўлади. Netback формуласи бўйича солиқ ҳисоблашда худди шу корхона бўйича солиқ базаси нефть маҳсулотини сотиш нархидан келиб чиқиб, тоннаси учун 7 миллион сўмдан (ҚҚС ва акциз солиғидан ташқари) транспорт ва қайта ишлаш харажатлари чегирилган ҳолда 800 минг сўмни ташкил этади.

Шундай қилиб, солиқ базаси бошқа қайта ишланган маҳсулотни ҳисобга олганда эса 8 миллион сўм атрофида бўлади. Шунга кўра, солиқ суммаси ҳар тоннаси учун 800 минг сўм атрофида бўлади. Нефть маҳсулотлари ва бошқа қайта ишланган маҳсулотларни ушбу нархдан юқори сотишни ҳисобга олганда солиқ суммаси ошади», — дея қўшимча қилган молия вазири ўринбосари.

Таъкидланишича, 2022 йил 1 январидан янги нефть ва газ қудуқларини фойдаланишга топширилган ойдан бошлаб дастлабки икки йил давомида юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ тўлашдан озод бўлиш, кейинги уч йилда ушбу солиқ учун белгиланган солиқ ставкасининг 50 фоизига камайтирилган ставкани қўллаш ҳуқуқига эга. Ушбу солиқ имтиёзини тақдим этиш соҳанинг капитал сиғими билан боғлиқ бўлиб, нефть ва газ саноатига инвестиция жалб қилиш учун солиқларни рағбатлантириш учун имкон яратишга қаратилган.

Янги конларда нефть, табиий газ, газ конденсати, қимматбаҳо, рангли, нодир ва радиоактив металлар қазиб олувчи ер қаъридан фойдаланувчилар учун ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкасини пасайтириш билан бирга рента солиғи жорий этилмоқда. 

«Бу инвесторларга капитал харажатларини қоплаш ва талаб қилинадиган инвестиция даромадини олиш имконини беради. Роялтини паст ставка ва олинадиган даромаднинг инвестицияни қоплаш учун фойдали қазилмалар таркиби юқори бўлмаган конларни ўзлаштиришни рағбатлантиради. Нарх ошиши ҳисобига олинган қўшимча даромад давлат ва инвестор ўртасида тақсимланади», — дейди Султонов.

Маълум қилинишича, бунда давлат улуши бўлган углеводород хомашёсини қазиб олувчи корхона, шунингдек, маҳсулот тақсимотига оид битимлар доирасида Президентнинг алоҳида қарорларида белгиланган ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси ва маҳсулот тақсимотига оид битимлар сақлаб қолинади.

Шу билан бирга, ўрта муддатли истиқболда давлат улуши бўлган корхоналарни солиқ солишнинг умумий тартибига босқичма-босқич ўтказиш амалга оширилади. Яна бир муҳим ўзгариш — газ экпорт-импорт операцияси акциз солиғи ва божхона божидан озод этилади.

«Газ экспортига акциз солиғи, импорти учун эса божхона божи бор эди. Улар бекор қилингандан кейин инвесторлар ўзининг иқтисодий манфаатидан келиб чиққан ҳолда қарор қабул қилади ва қазиб олинган табиий газни эркин тасарруф этиши мумкин, бу эса республикага инвестиция киритиш жозибадорлигини оширади», — деди Дилшод Султонов.

Алишер Рўзиохунов суҳбатлашди