Ўзбекистон делегацияси таълим тажрибасини ўрганиш учун Финляндияга борди
Ўзбекистон делегацияси таълим тажрибасини ўрганиш учун Финляндияга ташриф буюрди. Бу ҳақда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси «Bugun.uz» хабар берди.

Маълум қилинишича, делегация таркиби Таълим инспекцияси, Халқ таълими вазирлиги ва Ташқи ишлар вазирлиги мутасаддиларидан иборат. Улар Финляндиянинг таълим соҳасидаги тажрибасини ўрганиш ҳамда бу борада ҳамкорлик алоқаларини янада такомиллаштириш мақсадида мамлакатга ташриф буюрган.
Ташрифнинг дастлабки кунида Таълим инспекцияси бошлиғи Улуғбек Тошкенбоев бошчилигидаги делегация аъзолари Финляндиянинг Таълим ва маданият вазирлиги раҳбарияти билан учрашган. Учрашув давомида Финляндия Таълим ва маданият вазирлиги вакиллари таълим соҳасидаги давлат бошқаруви тизими бўйича тақдимот ўтиб берган. Шунингдек, томонлар Финляндия таълим тажрибасини ўрганиш юзасидан ҳамкорлик алоқаларининг бугунги кундаги ҳолатини муҳокама қилган.

Қайд этилишича, 2020 йилнинг 30 октябрь куни Ўзбекистонда таълим-тарбия тизимини такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштириш масалалари муҳокамаси бўйича Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида таълим сифатини оширишда ривожланган мамлакатларнинг илғор тажрибаларини ўрганиш бўйича вазифалар белгиланиб, бу борада Финляндия тажрибаси мисол қилиб келтирилганди.

Шунингдек, Президентнинг 2020 йилнинг 6 ноябрдаги «Таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-4884-сонли қарорида ҳам Финляндиянинг таълим соҳасидаги тажрибасини, шу жумладан, ўқув дастурлари, дарсликлари, ўқитиш методикалари ва педагог кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини хорижга хизмат сафарини ташкил этган ҳолда ўрганиб чиқиш бўйича аниқ вазифалар белгиланганди.

Бундан ташқари, ташриф дастуридан Финляндиянинг қабул имтиҳонлари бюроси фаолиятини ўрганиш, мактаб дарсликлари билан танишиш ҳамда китобларни чоп этувчи ноширлар билан учрашувлар ўтказиш, шунингдек, 3–11 ёшдаги болаларнинг аниқ фанлар бўйича дарслариини кузатиш каби тадбирлар ўрин олган.
