Гарвард университети докторанти ва илмий тадқиқотчиси, иқтисодчи Ботир Қобилов YouTube’даги Ular лойиҳасига берган интервьюсида Тошкентда кузатилган чанг бўрони, дарахтларнинг кесилиши ва бунга одамларнинг муносабати борасида тўхталиб ўтди.

Суҳбат давомида журналист Тошкентда кузатилган чанг бўронини Америкадагидек номлаш таклифи бўлаётганини, мисол сифатида «дараҳтларнинг кўз ёшлари» дея ном берилганини айтган. Бу борада унинг фикрини сўраган.

«Шахсан, ўзим Тошкентда бўлмасам-да, у ердаги вазиятни ижтимоий тармоқ ва янгиликлар орқали кузатдим, ҳолат жуда ҳам ачинарли. Бу жараённи ‘дараҳтларнинг кўз ёши’ дейиш мумкин, лекин дарахтлар деярли қолмади. Одамларнинг табиатга, дарахтларга, кўлларга бўлган беписандлигининг оқибати, десам ҳам бўлади. Бу чанг бўрони кўтарилишининг асосий сабаби дарахтларнинг кесилиши эмасдир, бироқ ўша келган чанг-бўрон оқибатларини юмшатиши керак бўлган боғларнинг йўқлиги, камайиб бораётганлигида», — деди Ботир Қобилов.

Унинг сўзларига кўра, баъзи жойларда дарахтларни кесиш фойдали бизнесга айланган. Чунки уларни кесканлик учун тўланадиган жарима миқдори эса кам ҳамда пойтахтда бундай мисоллар жуда кўплаб топилади.

Фото: Ботир Қобиловнинг шахсий архивидан 

«Афсуски, бизда айрим жойларда дарахтларни кесиш жуда ҳам фойдали. Фараз қилайлик, мен мебель ишлаб чиқараман. Менга дарахт керак, дарахтни кесиб, унинг учун тўлайдиган ‘штраф’им кесган дарахтдан оладиган фойдамдан кўра камроқ. Яъни дарахтни кесиш фойдали бизнес бўлиб қолган. Чунки жаримасини тўлаб, уни кесиб кетишингиз мумкин. Тошкентда бунақа мисоллар жуда кўп. Масалан, кимдир ресторан қўраётган бўлиши мумкин. Дарахтни ким кестиряпти деб озроқ тагига етиб борсангиз, ресторан эгаси Ободонлаштиришга телефон қилиб, мана бу дарахтни кесиб кетинг, чунки фасадимизни тўсиб қўйяпти дейди

Ёки сквердаги дарахтларни оладиган бўлсак. У ердаги дарахтлар кесилишининг сабабини қарангки, ҳиёбонда катта форумлар саройи қурилган. Дарахтлар қолса, бино кўринмай қоларди. Айтмоқчиманки, дарахтларни кесишга одамларнинг ўзи ундаяпти», — деди Гарвард университети докторанти ва илмий тадқиқотчиси.

Бундан ташқари, иқтисодчи Ботир Қобулов чап қўл билан дарахт экаётган пайтда ўнг қўл билан унинг кесилаётгани тушунарсиз ҳолатлигини таъкидлади. Шунингдек, Ўзбекистон шароитидан келиб чиқилса, дарахтни экишдан кўра, борларини сақлаб қолиш қийин ҳисобланади.

Маълумот ўрнида, чанг бўрони пойтахтда 4 ноябрь куни кечга бориб бошланган. Мазкур чанг-ғубор ҳодисаларига нима сабаб бўлгани очиқланганди. Бунинг ортидан Тошкент чанг бўрони сабаб дунёнинг экологияси ифлос шаҳарлар рўйхати етакчисига айланди. Шунингдек, ССВ чангли ҳаводан ҳимояланиш бўйича тавсиялар берганди. Орадан вақт ўтиб, ўзбек олимлари тарқалган чанг бўронидан кейин чўккан чанг таркибини ўрганиб чиққан. Намуналарда инсон саломатлиги учун хавфли пестицидлар мавжуд эмаслиги аниқланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев мамлакатда кузатилган чанг бўрони ҳақида гапирганди. Шунингдек, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳам чанг Тошкентдан бошланмаганига уқувсиз одамнинг ҳам фаросати етишини таъкидлаган.