Кунда-кун ора ижтимоий тармоқда шахсий ва оилавий сирларни ташкил этувчи фотосуратлар, ўзаро ёзишмалар, интим ҳолатлар акс этган фото ва видеотасвирлар тарқалмоқда. Хўш, бу каби ҳолатда қонун бузилиши борми? Шахсий ҳаёт дахлсизлиги нима ва у қандай элементларни ўзида ифодалайди? Қонунчиликда шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузганлик учун қандай жавобгарлик белгиланган? «Bugun.uz» колумнисти Мурод Нажмиддинов шу каби саволларга жавоб беради.

Шахсий ҳаёт дахлсизлиги нима?

Фото: «Corbis»

Шахсий ҳаёт дахлсизлиги инсоннинг шахсий ҳуқуқий мақомини англатувчи қадрият ҳисобланади. Инсон ҳаётига унинг иродасига зид равишда ташқаридан аралашиш, хусусан, шахсий маълумотлар билан танишиш, уларни тўплаш ва тарқатиш маъмурий ҳамда жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. Мазкур ҳуқуқ шахсий маълумотлардан фойдаланишни назорат қилиш, ёзишма ва хат-хабарларнинг сир сақланиши, қадр-қимматига нисбатан тажовузлардан сақланиш ва турар жойига ўзбошимчалик билан бошқаларнинг киришига тўсқинлик қилиш каби бир қанча элементни ўз ичига олади. Инсоннинг туғилишидан вафотига қадар ҳамроҳлик қиладиган ушбу ҳуқуқ бир қатор халқаро ҳуқуқий ҳужжатларда ўз ифодасини топган.

Жумладан, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси (1948) 12-моддасида ҳеч кимнинг шахсий ва оилавий ҳаётига ўзбошимчалик билан аралашиш, уй-жойи дахлсизлигига, унинг ёзишмаларидаги сирларга ёки унинг номуси, шаънига тажовуз қилиш мумкин эмаслиги, ҳар бир инсон худди шундай аралашув ёки тажовуздан қонун орқали ҳимояланиш ҳуқуқига эгалиги таъкидланади. Шунингдек, Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида халқаро пакт (1966) 17-моддасида ҳеч ким ўзининг шахсий ва оилавий ҳаётига ўзбошимчалик ёки ноқонуний тарзда аралашишга, ўзининг уй-жойи ёки ёзишмалари сири дахлсизлигига ўзбошимчалик ва ноқонуний тарзда тажовуз қилинишига ёки унинг ор-номуси ва шаънига ноқонуний тажовуз қилинишига дучор этилиши мумкин эмаслиги белгиланган.

Юқорига келтирилган халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларга аналогик нормалар Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг бир қанча моддаларидан ўрин олган. Хусусан, 27-моддада ҳар ким ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовуздан, шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ва турар жой дахлсизлиги ҳуқуқига эгалиги, ҳеч ким қонун назарда тутган ҳоллардан ва тартибдан ташқари бировнинг турар жойига кириши, тинтув ўтказиши ёки уни кўздан кечириши, ёзишмалар, телефон сўзлашувлари сирини ошкор қилиши мумкин эмаслиги мустаҳкамланган.

Фото: «Volhovogni»

Шахсий ҳаёт дахлсизлиги нималарни ўз ичига олади?

Халқаро ҳужжатлар, конституция ва қонунларда мустаҳкамланган шахсий ҳаёт дахлсизлиги ҳуқуқи ўз доирасида бир қанча элементларни қамраб олади. Хусусан, шахсий, оилавий сирларни ўз ичига олган маълумотларни ўзбошимчалик билан йиғиш, сақлаш, фойдаланиш ва тарқатишга тўсқинлик қилиш, ишқий ва жинсий муносабатлар сирига бўлган ҳуқуқ, шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилишга бўлган ҳуқуқ, турар-жой дахлсизлигига бўлган ҳуқуқ, фарзандликка олиш сири, эътиқод сири, тиббий сир ва бошқа сирларга бўлган ҳуқуқ шахсий ҳаёт дахлсизлигини ташкил қилувчи таркибий қисмларни ўзида ифодалайди.

Шу билан бирга, юқоридаги элементлар таркибига шахсий ҳаёт дахлсизлигининг алоҳида тармоғи сифатида турар-жой дахлсизлигини, тиббий ёки тижорат сирларини, ёзишма ва бошқа хабарлар, нотариал ҳаракатлар, банк операцияси ва жамғарма сири, шунингдек фуқарога, унинг ҳуқуқи, эркинлиги ва қонуний манфаатларига маънавий ёхуд моддий зарар етказиши мумкин бўлган бошқа маълумотларни, шу жумладан, хат-ёзишма, телефонда сўзлашув, телеграф хабари ёки бошқа хабарларнинг сир сақланишига бўлган ҳуқуқни алоҳида кўрсатиш мумкин.

Фото: «Ugolovnichek»

Қандай жавобгарлик мавжуд?

Шахсий ҳаёт дахлсизлиги ва унинг таркибий элементлари маъмурий ва жиноят қонунчилик билан тартибга солинади. Уларни беш гуруҳга бўлган ҳолда таснифлаш мумкин. Жумладан, шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш, хат-ёзишмалар, сўзлашув ёки бошқа хабар ва маълумотларнинг сир сақланиши тартибини бузиш, шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчиликни бузиш, турар жойи дахлсизлигини бузиш, фарзандликка олиш сирини ошкор қилганлик учун қонунчиликда маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган.

Хусусан, шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш — кишиларнинг шахсий ёки оилавий сирини ташкил этувчи ҳаёти тўғрисидаги ҳар қандай маълумот дахлсиз ҳисобланади. Шахсий ёки оилавий сирга нафақат кишини ёки унинг оиласини обрўсизлантирувчи, шарманда қилувчи маълумотлар, балки шахс махфий сақлаб қолишни истаётган бошқа маълумотлар ҳам киради. Бу каби маълумотларга мисол сифатида оила аъзоларидан бирида бирор касалликнинг мавжудлиги, ножўя, хунук одат ва ишқий алоқа ҳақидаги ахборотни келтириш мумкин. Шунингдек, шахснинг бирор бир динга эътиқод қилиши ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслиги эътиқод сири ҳисобланиб, дахлсиз маълумотлар сирасига киради. Бундай маълумотлар ҳар қандай кўринишда — ёзма ёки оғзаки, видео, аудио ва бошқа шаклларда бўлиши мумкин.

Баъзи давлатлар қонунчилигида ишқий алоқалар сирини алоҳида ҳуқуқ сифатида талқин қилинади. Жумладан, икки шахс ўртасидаги ишқий ва жинсий алоқалар шахсий сирни ташкил қилиб, уларнинг розилигисиз бу маълумотни тўплаш ва тарқатиш жавобгарликка сабаб бўлади. Масалан, А. исмли шахс яширинча Б. ва С.ни интим алоқа устида уларнинг розилигисиз қонунга хилоф равишда видео тасвирга олди ва уни таниши Ф.га ижтимоий тармоқ орқали юборди. Ўз навбатида, Ф. исмли шахс ушбу видео тасвирни бошқа бир танишига жўнатди. Бу ҳолатда А. исмли шахс шахсий сирни ташкил этувчи маълумотни уларнинг розилигисиз қонунга хилоф равишда йиғганлик ва тарқатганлик учун, Ф. исмли шахс эса тарқатганлик учун жавобгар бўлади.

Шахсий ҳаёт дахлсизлиги маъмурий ва жиноят қонунчилиги билан муҳофаза қилинади. Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг (кейинги ўринларда — МЖТК) 46-1-моддасига асосан шахснинг шахсий ёки оилавий сирини ташкил этувчи шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни унинг розилигисиз, қонунга хилоф равишда йиғиш ёки тарқатиш БМҲнинг 40 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилса, Жиноят кодексининг 141-1-моддасига асосан БМҲнинг 200 бараваригача миқдорда жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Фото: «Volhovogni»

Хат-ёзишмалар, сўзлашув ёки бошқа хабар ва маълумотларнинг сир сақланиши тартибини бузиш — шахсий ёки оилавий сирни ташкил этувчи маълумотлардан ташқари бошқа бир қатор ахборот ҳам мавжуд бўлиб, уларни эгасининг розилигисиз ошкор қилиш жавобгарликка сабаб бўлади. Уларга мисол сифатида тиббий ёки тижорат сирини, ёзишма ва бошқа хабарлар, нотариал ҳаракатлар, банк операцияси ва жамғарма сири, шунингдек фуқарога, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига маънавий ёхуд моддий зарар етказиши мумкин бўлган бошқа маълумотларни келтириш мумкин.

Бунда зарурий шарт шундаки, юқорида келтирилган маълумотлар шахсий ва оилавий сирлар билан боғлиқ бўлмаслиги лозим. Масалан, шахс ўзига тегишли мулкларни ўз меросхўрларига тақсимлаш учун нотариал тартибда васиятнома расмийлаштирди. Васият қилувчига тегишли мулкнинг кейинги тақдири билан қизиққан фарзандларидан бири ушбу васиятномани расмийлаштирган нотариусдан васиятноманинг нусхасини олди. Бироқ Фуқаролик кодексининг 1128-моддасига кўра, нотариус мерос очилгунга қадар васиятноманинг мазмунига дахлдор маълумотни ошкор қилишга ҳақли эмас. Мерос эса фуқаронинг вафоти оқибатида очилади. Кўриниб турибдики, бу ҳолатда нотариус томонидан маълумотни сир сақлаш тартиби бузилган.

Мазкур ҳуқуқбузарликни содир этиш МЖТК 46-моддасига асосан фуқароларга БМҲнинг 2 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 5 бараваргача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Шунингдек, маъмурий жазо қўлланилгандан кейин такроран хат-ёзишмалар, телефонда сўзлашув, телеграф хабарлари ёки бошқа хабарларнинг сир сақланиши тартиби бузилган тақдирда Жиноят кодексининг 143-моддасига асосан  БМҲнинг 25 бараваригача миқдорда жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади. Бунда зарурий шарт шундаки, сир сақлаш тартиби қасддан бузилган бўлиши лозим.

Шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчиликни бузиш — шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунга асосан муайян жисмоний шахсга тааллуқли бўлган ёки уни идентификация қилиш имконини берадиган, электрон тарзда, қоғозда ва (ёки) бошқа моддий жисмда қайд этилган ахборот шахсга доир маълумотлар сифатида эътироф этилади. Ушбу маълумотларни қонунга хилоф равишда йиғиш, тизимлаштириш, сақлаш, ўзгартириш, тўлдириш, улардан фойдаланиш, уларни бериш, тарқатиш, узатиш, эгасизлантириш ва йўқ қилиш маъмурий ҳамда жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

Масалан, муайян бир олий таълим муассасаси ушбу муассасада таълим олаётган талаба қизлар тўғрисида у ҳақда сўраб келган «совчи»ларга маълумотларни (расми, маълумотнома, паспорт нусхаси, боғланиш контакти, яқин қариндошлари ҳақидаги маълумотлар, турар-жой манзили ва ҳ.з.) тақдим этди. Бу ҳолатда шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонун талаби бузилди. Чунки қонуннинг 14-моддасига кўра, шахсга доир маълумотларни йиғишнинг илгари билдирилган мақсадларидан четга чиқилган ҳолларда, ушбу маълумотларни тарқатиш субъектнинг розилиги билан амалга оширилиши лозим. Юқоридаги ҳолатда талабалардан маълумот ўқув жараёнини ташкил этиш мақсадида тўпланган ва ушбу маълумотлар тўплаш мақсадига зид равишда уларнинг розилигисиз номуайян доирадаги шахсларга тақдим этилган.

Юқорида келтирилган ҳаракатларни содир этиш МЖТК 46-2-моддасига асосан фуқароларга БМҲнинг 5 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 10 бараваргача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Агарда бу каби ҳаракатлар маъмурий жазо қўлланилганидан кейин такроран содир этилса, Жиноят кодексининг 141-2-моддасига асосан БМҲнинг 100 бараваригача миқдорда жарима ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, 2 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 2 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Турар жой дахлсизлигини бузиш — шахсий дахлсизлик ҳуқуқининг муҳим элементларидан бири турар жойи дахлсизлиги ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 27-моддасида ҳар ким турар жой дахлсизлиги ҳуқуқига эгалиги, ҳеч ким қонун назарда тутган ҳоллардан ва тартибдан ташқари бировнинг турар жойига кириши, тинтув ўтказиши ёки уни кўздан кечириши мумкин эмаслиги белгиланган. Бу ўринда турар жой деганда кишиларнинг доимий ёки вақтинчалик яшаши учун мўлжалланган жой (шахсий уй, квартира, ҳовли, меҳмонхона ва ҳ.к.) тушунилади. Шунингдек, юқорида келтирилганларнинг дам олиш, мол-мулк сақлаш, яшовчиларнинг бошқа зарур эҳтиёжларини қондириш учун ишлатиладиган таркибий қисмлари (балкон, ойнаванд айвонлар ва ҳ.к.) ҳам турар жойга киради. Омбор, гараж ёки бошқа хўжалик хоналари одам яшаши учун мўлжалланмаган бўлса, турар жой ҳисобланмайди.

Турар жойга унда истиқомат қилувчиларнинг хоҳиш-иродасига хилоф равишда ноқонуний тарзда кириш МЖТК 45-моддасига асосан БМҲнинг 1 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Бунда турар жойга розиликсиз кириш фактининг ўзи етарли. Агарда турар жойга зўрлик ишлатиб ғайриқонуний бостириб кирилса, маъмурий ҳуқуқбузарликдан жиноятга ўтади ва Жиноят кодексининг 142-моддасига асосан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Фото: «9111»

Фарзандликка олиш сирини ошкор қилиш — давлат томонидан боланинг руҳий эзилиши, катталар билан муносабатда тўсиқ ва қийинчилик вужудга келишининг олдини олиш мақсадида бошқа шахсларни фарзандликка олишни сир сақлаш мажбурияти юкланади. Фарзандликка бола олувчиларнинг ёки васийлик, ҳомийлик органининг эркига қарши, етим, ота-она ғамхўрлигидан маҳрум бўлган болаларни фарзандликка олишнинг қонун билан қўриқланадиган сирини ошкор қилиш тўғридан-тўғри жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. Жиноят субъекти фарзандликка олинганлик ҳақидаги маълумотга эга ҳар қандай шахс, фарзандликка олган кишининг ота-онаси, болалар муассасаси тарбиячилари, ўқитувчилари, эр-хотиндан бирортаси (бошқасининг хоҳишига зид келса) ҳам бўлиши мумкин.

Фарзандликка бола олувчиларнинг ёки васийлик ва ҳомийлик органининг эркига қарши фарзандликка олиш сирини ошкор қилиш Жиноят кодексининг 125-моддасига асосан БМҲнинг 200 бараваргача жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Хулоса сифатида айтиш мумкинки, шахсий ҳаёт дахлсизлиги инсоннинг узвий ҳуқуқи ҳисобланиб, ҳеч ким ўзининг шахсий ва оилавий ҳаётига ўзбошимчалик ёки ноқонуний тарзда аралашишга, ўзининг уй-жойи, ёзишмалар сири дахлсизлигига ўзбошимчалик ва ноқонуний тарзда тажовуз қилинишига, унинг ор-номуси, шаънига ноқонуний тажовуз қилинишига дучор этилиши мумкин эмас. Ушбу ҳуқуқнинг бузилиши эса жиноий ва маъмурий жавобгарликни келтириб чиқаради.