Иқтисодиёт вазирлиги: табиий офатлар иқтисодиётга 3 миллиард доллар зарар келтирмоқда
Бундай офатлар йилига 1,4 млн кишига таъсир ўтказади
Иқлим ўзгариши табиий офатлар, айниқса, қурғоқчилик, сув тошқинлари ва кўчкилар хавфини оширади. Йирик сув тошқини Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг тахминан 5 фоизига зарар етказиши мумкин ва кучли қурғоқчилик ҳам худди шундай жиддий иқтисодий таъсирга эга бўлади, деб хабар бермоқда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги.

Маълум қилинишича, вазирлик 22 ноябрь куни Жаҳон банки ва Марказий Осиё минтақавий экологик маркази билан биргаликда «Табиий офатларга жавоб чораларини кучайтириш орқали иқлим ўзгаришига чидамлиликни ошириш» мавзусида давра суҳбати ўтказди. Суҳбат иштирокчиси, «Ўзгидромет»нинг лойиҳаларни тайёрлаш ва амалга ошириш бўлим бошлиғи Наталья Агальцованинг айтишича, XXII асрда ҳарорат 1,5 ва 3 даража иссиқ бўлиши кутилмоқда.
«Аҳолини иқлим ўзгаришига мослашиш ва табиий офатлар хавфини бошқариш тўғрисида хабардор қилиш учун об-ҳаво, иқлим ва сувнинг ишончли ахборот ва прогнозларига бўлган эҳтиёжларини эътироф этган ҳолда Ўзбекистон ҳукумати гидрометеорологик хизматларни, хусусан, ‘Ўзгидромет’ни модернизация қилиш муҳимлигини қайд этди. Жаҳон банки узоқни кўзлаган ушбу ечимни қўллаб-қувватлайди ва ‘Ўзгидромет’га оптимал сифатли хизмат кўрсатишга ёрдам берадиган энг янги технологияларни жорий этишда ёрдам беришга тайёр», — деди Жаҳон банкининг табиий офатлар хавфини бошқариш бўйича катта мутахассиси Даниел Кулл.
NASA ташкилотининг Goddard космик тадқиқотлар институти физиги Алекс Руан бутун дунёда табиий офатлар сони ошганини тушунтирганди. Унга кўра, иқлим ўзгариши оқибатида ҳаво массалари қуруқлик ва океанлардан намликни тезроқ қабул қила бошлади. Кейин эса ҳаво массалари сўрилган намлик миқдорини бир жойдан иккинчи жойга ўтказади. Шу муносабат билан Ернинг баъзи жойларида ғайритабиий қурғоқчилик рўй беради, бошқа жойларда кучли ёмғир ва сув тошқинлари кузатилади.
Иқлим ўзгариши оқибатида пайдо бўлган бундай механизм табиий экотизимларга ва инсон ҳаётига жиддий зарар етказади. Қайд этилишича, келажакда йил давомида ҳарорат 35 даражадан юқори бўлган кунлар сони жуда кўпаяди.
Маълумот учун, Ўзбекистонда ҳар йили табиий офат ўртача 1,4 миллион кишига таъсир ўтказган ҳолда 3 миллиард долларга яқин зарар етказади.
Аввалроқ Ўзбекистонда қурилаётган баланд биноларнинг зилзилага чидамлилик даражаси маълум қилинганди.