Тошкентда психотроп дориларни ноқонуний сотаётган «аптека»лар аниқланди
Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек ва Бектемир туманларида кучли таъсир қилувчи дори воситаларини сотаётган дорихоналар аниқланди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.

Маълум қилинишича, департаментнинг Мирзо Улуғбек ва Бектемир туман бўлимлари томонидан Ички ишлар бош бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Унда «M.F.» МЧЖга қарашли дорихона сотувчилари — С.С. ва М.М. 2 дона «Регапен» дори воситасини 50 минг сўмга сотган вақтида ушланган. Ушбу дорихонадан 161 дона «Зардекс», 56 дона «Регапен» номли кучли таъсир қилувчи дори воситалари ашёвий далил сифатида олинган.

Шунингдек, «M.» МЧЖга қарашли дорихона сотувчилари — С.М. ва С.Э. харидорга 4 дона «Регапен» дори воситасини 100 минг сўмга сотган вақтида қўлга олинган. Ушбу дорихонадан 62 дона «Регапен» дори воситаси ашёвий далил сифатида олинган.
Худди шундай, «N.» МЧЖга қарашли «аптека» сотувчилари — С.А. ва У.Э. 3 дона «Зардекс» номли дори воситасини 45 минг сўмга сотгани маълум бўлган. Ушбу дорихонадан эса 83 дона «Зардекс», 4 дона «Регапен» ашёвий далил сифатида олинган. Таъкидланишича, мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Андижонда психотроп дориларни ноқонуний сотмоқчи бўлган аёллар ушлангани ва Сирдарёда фуқаро уйида 566 грамм марихуана сақлаб келгани хабар қилинганди.