«Улар нафақат ҳокимиятда, балки оддий одамлар орасида ҳам бор» — Садир Жапаров
Қирғизистон президенти Садир Жапаров Ала-Тоо-3 турар жой массиви аҳолиси билан учрашувда душманлари ҳақида гапирди. Бу ҳақда «Knews» хабар берди.

Маълум қилинишича, давлат раҳбарининг душманлари нафақат ҳокимиятда, балки оддий халқ орасида ҳам бор бўлиб, президент буни кўмир муаммоси мисолида тушунтирган. Президентнинг сўзларига кўра, муаммоли вазиятни кўмир ташувчи юк машиналари эгалари уюштирган.
«Менинг душманларим нафақат ҳокимиятда, балки оддий одамлар орасида ҳам бор. Бир ой ёлвордик, нархини пасайтиринг, машинадан 10–15 минг сом топсангиз ҳам ўзингизга етади дедик. Лекин йўқ, улар бир машинадан минглаб доллар ишлаб олишни хоҳлади. Кўндириш самарасиз бўлгач, ҳукумат кўмир нархи билан боғлиқ вазиятни ўз қўлига олиб, 3000 сомга туширди. Оқибатда улар ўз ишини йўқотди», — дейди давлат раҳбари.
Аввалроқ Британия Қирғизистон президенти самолётининг ҳудудига қўнишига рухсат бермаганди. Шунингдек, президент оиласининг сиёсатга аралашмаслиги борасида гапирганди.