Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов Жиззах вилоятига бориб, энг чекка ҳудудларда ҳам ўқувчилар жаҳон стандартига мос таълим олиши лозимлиги, бу борада масъуллар ўқитувчиларга шароит яратиши келгуси стратегиянинг энг асосий йўналиши бўлишини маълум қилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати «Bugun.uz»га хабар берди.

Фото: Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати

Маълум қилинишича, ўрганиш жараёни «Янги келажак касблари» марказидаги тўгараклардан бошланган. Вазир бугунги кунда болаларни замонавий билим ва касб ўрганишларига иштиёқини ошириш, бунда замонавий технологиялардан фойдаланиш юзасидан тўгаракнинг устоз ва мураббийларига ўз тавсияларини берган.

«Бугун олдимизда турган асосий вазифа ўқувчиларнинг савиясини, уларнинг илм олишга бўлган иштиёқини оширишдан иборат. Энг чекка ҳудудларда ҳам ўқувчи жаҳон стандартлари асосида таълим олиши лозим. Бунда эса ўқитувчиларимиздан жуда катта билим, меҳнат ва фидойилик талаб этилади. Бунинг учун эса биз ўқитувчиларимизнинг билим беришлари учун шарт-шароитларни яхшилашимиз лозим ва бу келгуси стратегиямизнинг энг асосий йўналиши бўлади», — дея таъкидлади вазир.

Фото: Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати

Шундан сўнг вазир вилоятдаги физика ва математика фанига ихтисослашган янги мактаб қурилишини бориб кўрди. Вазир янги мактабда ўқувчилар учун замонавий шарт-шароитларни яратиш бўйича ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирди.

Шунингдек, Бахтиёр Саидов Зомин туманида меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари учун қурилаётган ёзги оромгоҳда бўлди. Оромгоҳнинг ҳавоси тозалигини эътиборга олиб, унда мавжуд бўш ер ҳудудида ўқитувчиларнинг дам олиши учун ҳам санаторий қуриш бўйича таклифни илгари сурди.

Фото: Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати

«Бундай баҳаво ерда нафақат ўқувчилар, балки устозлар ҳам дам олишлари, албатта, болаларимизнинг сифатли таълим олишлари учун замин яратади. Ўқитувчига яхши шарт-шароитлар яратиб берсаккина, улар бизнинг келажак авлодга сифатли таълим беради», — дея таъкидлади вазир.

Фото: Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати

Жиззах шаҳридаги 22-ихтисослашган давлат умумтаълим мактаби жамоаси билан учрашган вазир ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш, табиий фанларни ўқитишда амалий машғулотлардан фойдаланиш, хусусан, сифатли видеоконтентлар яратиш бўйича аниқ кўрсатмалар берди.

Аввалроқ Қонунчилик палатасидаги йиғилишда Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчиси Бахтиёр Саидов номзоди халқ таълими вазири лавозимига маъқулланганди.