Bugun Science рукнининг ушбу сонида инсоният тарихидаги энг шов-шувли ва энг машҳур китоблардан бири бўлган Чарльз Дарвиннинг «Origin of Species» — «Турларнинг келиб чиқиши» асари ҳақида суҳбатлашмоқчимиз. Чунки 24 ноябрь куни ушбу асар илк бора чоп этилганига роппа-роса 162 йил тўлади. «Bugun.uz» колумнисти Музаффар Қосимов қуйида ушбу асар ҳақида сўз юритади.

Чарльз Дарвин
Фото: «ThoughtsCo»

«Origin of Species» — эҳтимол, энг кўп муҳокамаларга сабаб бўлган китоблар қаторида бўлса керак. Ҳар ҳолда ушбу асар нафақат илмий нуқтаи назардан, балки эътиқодий нуқтаи назардан ҳам катта баҳсларга сабаб бўлган. Айтиш жоизки, гарчи Дарвин ўзи соф илмий ёндошув асосида, кузатувлар, далиллар ва фактлардан келиб чиққан ҳолда биологик турларнинг эволюциясини асосламоқчи бўлган бўлса-да, жамиятда китобнинг илмий жиҳатидан кўра кўпроқ унинг эски қарашларга нисбатан кўрсатган таъсири каттароқ акс-садо берган. Ва шубҳасиз, айнан шу жиҳати билан ҳам «Origin of Species» тарихдаги энг таниқли китоблар қаторида «100 та буюк китоб» рўйхатига киритилган.

«Турларнинг келиб чиқиши»нинг дастлабки — энг биринчи нашридаги номи «Турларнинг табиий танлаш йўли билан келиб чиқиши ёки яшаш учун курашда сара ирқларнинг сақланиб қолиши» тарзида бўлган. Кўриб турганингиздек, дастлабки талқин анчайин узун номли бўлган. Китоб айнан шу ном билан илк маротаба 1859 йилнинг 24 ноябрь куни нашрдан чиққан эди. Бизга таниш бўлган қисқа ва лўнда номи — «Турларнинг келиб чиқиши» кўринишидаги асар эса унинг 1872 йилдаги олтинчи нашридан бошлаб чиқарила бошлаган.

Фото: «Rare books»

Ушбу асарда муаллиф тирик организмларнинг барча турлари умумий аждоддан тарқалган бўлиб, турлар вақт мобайнида эволюцияланиб боради деган хулосани асослашга уринади. Унда яшаш учун кураш орқали табиий танлаш йўли билан турлар сараланиб, эволюцион тараққий этиб бориши — биологик эволюциянинг асосий механизми экани назарий жиҳатдан асослашга уринилади.

Қизиғи шундаки, Чарльз Дарвин гарчи ушбу асарни 1859 йилга келибгина эълон қилган бўлса-да, аслида унинг асосий кузатишлари 1830 йилларда, «Бигл» кемасида қилинган дунё бўйлаб саёҳат пайтида амалга оширилган эди. У кемада қилинган сафар чоғида, айниқса Жанубий Америка флора ва фаунасидаги турларнинг хилма-хиллиги ва ўзаро ўхшашлигига оид кузатишлар ва таҳлиллар олиб бориб, намуналар йиғиш билан шуғулланган. У ҳозирда мавжуд айрим жониворлар ва ушбу қитъадаги қазилма тошқолдиқлардан топилган, қадимда яшаб қирилиб кетган жониворларнинг суякларидаги ўхшашликларни ўзаро таққослаб чиққан.

Ватани — Англияга қайтгач эса Дарвин хонаки жониворлар ва маданий ўсимликлар устида амалга ошириладиган сунъий танлаш механизмлари оқибатида уларда юзага келган ўзгаришларни ҳам синчиклаб кузатади. У ўзи тўплаган кўп сонли далил ва фактлар асосида, демак, табиатда турларда юз берадиган ўзгаришларни муттасил ҳаракатлантириб турувчи ўзига хос «двигатель» мавжуд бўлиши керак деган хулосага келади. У табиатдаги бундай механизм ҳам худди деҳқонлар ёки зоотехниклар амалга оширадиган сунъий танлаш сингари бўлиши мумкин деган ғоя билан кўплаб текширувлар ўтказади. Ва якунда у табиатдаги турларнинг келиб чиқишида табиий танлаш механизми амал қилиши, бунда яшаш учун кураш тамойили марказий ўрин эгаллаши ва унга кўра, табиий муҳитга энг мослашувчан-кўникувчан тур оқибатда ўз популяциясини сақлаб қолиб, эволюцион тараққиётда давом этишини хулосалайди.

Умуман олганда, Дарвиннинг бу борадаги хулосалари бирмунча жўн, унга кўра, табиатда озиқа ва яшаш учун зарур бўлган бошқа ресурслар миқдори чекланган. Шу сабабли:

  • турлар яшаб қолиш учун курашишига тўғри келади;
  • бир популяция ичидаги алоҳида-алоҳида олинган зотлар бир-биридан кескин фарқ қилиши мумкин (масалан, ит зотлари шундай);
  • гарчи бир турга мансуб бўлса-да, популяциянинг турли зотлари ичида энг мослашувчанларида яшаб қолиш учун имконият кўпроқ бўлади ва муҳитга мослаша олмаган зотларнинг кўпайиш ва тараққий этиши имконияти пастроқ бўлади. Популяциянинг кейинги авлодларида эса асосан ўша яшаб қолган зотнинг хусусиятлари устуворроқ бўла бошлайди ва шу орқали табиий танлаш юз беради;
  • ушбу жараён анчайин секин кечади ва популяция муҳитга мослашиш асносида, вақт мобайнида ўзгариб бориб, охир-оқибат унда йиғилиб борган ўзгаришлар натижасида янги турлар пайдо бўлади.

Дарвин ўзининг ушбу асосий тезисларидан иборат қўлёзмасини, яъни «Турларнинг келиб чиқиши» асарининг моҳиятан концепцияси бўлмиш қораламаларини 1840 йиллардаёқ аллақачон тартибга келтириб, ҳатто ўзига яқин маслакдош табиатшунос олимларга ўқишга берган бўлса-да, уни китоб шаклида чоп эттиришга шошилмаган.

Хусусан, 1844 йилда унинг 230 саҳифадан иборат қўлёзмаси ботаник олим Жозеф Хукер қўлида бўлган ва уни Дарвин «мабодо, тўсатдан вафот этиб қолса», унинг номидан чоп этиши учун тақдим қилган. Кейинчалик Дарвиннинг қўлёзмалари билан яна бир олим, геолог Чарльз Лаел ҳам танишади. Шу тариқа, «Турларнинг келиб чиқиши» аввалига тор доирадаги олимлар назаридан ўтади ва уларда катта таассурот уйғотади.

Шунга қарамай, то 1858 йилгача ҳам Дарвин ўзи йиққан маълумотларни ва улар асосида ўзи барпо қилган табиий танлаш назариясини китоб шаклида нашр қилишга шошилмайди. Фақатгина 1858 йилга келиб, бошқа бир табиатшунос Рассел Уоллес ҳам шунга ўхшаш назария устида иш олиб бораётгани ва у улоқни илиб кетиши эҳтимоли борлиги ҳақидаги маълумот пайдо бўлгач, Дарвин қаттиқ қунт қилиб, китобни нашрга тайёрлашни бошлайди.

Ўзининг ёзишича, у Лаелл ва Хукернинг қатъий маслаҳатларидан кейин 13 ой мобайнида тинимсиз қалам тебратиб, ўзининг шоҳ асарини тартиблаган. У китобнинг нашрга тайёр бўлган якуний талқини ва ўзининг қўлёзмаларининг 1856 йилдаги энг йирик кўринишдаги талқини орасида катта фарқ борлигини қайд этади ва китоб учун кўплаб қисқартиришлар қилишга тўғри келганини таъкидлайди.

Шунга қарамай, у табиий танлашга оид назариянинг барча асосий тамойилларини қамраб олганини қайд этади. Дарвин бу ҳақда ўз таржимаи ҳолида «Ушбу китоб — ҳаётимдаги асосий меҳнатим» деб ёзган эди.

Дарвин ўз автобиографиясида, шунингдек, бу китоб «ўқиш учун жуда мураккаб» бўлишига қарамай, биринчи нашрининг ўзидаёқ, савдога чиққан куннинг ўзида таламон бўлиб сотилиб кетганидан ҳайрон бўлганини яширмаган. Ҳақиқатан ҳам, қандай сотилиши ҳали мавҳум, оддий фуқаро учун бироз мураккаб ва ғализ бўлган бундай илмий асарнинг дастлабки нашри фақат 1250 нусхада чоп этилган эди. Лекин у савдога чиққан кунининг ўзида тўлиқ сотилиб кетган. Иккинчи нашр эса 3000 нусхада чиққан ва у ҳам пештахталарда узоқ туриб қолмаган.

1876 йилга келиб эса Англиянинг ўзида «Турларнинг келиб чиқиши» асаридан 16 000 нусха сотилган эди. Бу пайтга келиб, асар аллақачон деярли барча европа тилларига, хусусан, испан, поляк, чех ва рус тилига таржима қилиниб, ҳатто япон тилида ҳам сотувда пайдо бўлган эди. Асарнинг энг катта аудиторияси эса Германияда юзага келган. Китоб жуда кўп тилларга ўгирилгани ва деярли бир ярим асрдан буён нашрдан чиқиб келаётгани сабабли, уни, шубҳасиз, энг муваффақиятли илмий асарлар қаторига ва энг кўп ададда чиққан китоблар сирасига киритиш мумкин. Ва албатта, бунда биринчи навбатда, унда баён қилинган назариянинг оммабоплиги ётади, десак адашмаган бўламиз.

Дарвиннинг ушбу асари шубҳасиз муаллифнинг ўзига катта шуҳрат келтириш билан бирга, албатта, илм-фан оламида ҳам катта бурилиш ясади. У орқали биологияда эндиликда марказий ўрин тутувчи эволюцион таълимот юзага келди. «Турларнинг келиб чиқиши» китобининг асл қиймати ва аҳамияти ҳам аслида шунда.