Қозондаги ўқув муассасида отишма содир этишга уринган йигит қўлга олинди — видео
Россияда федерал хавфсизлик хизмати ходимлари ўқув муассасасига қуролли ҳужумга тайёрланаётган ўсмирни қўлга олди. Бу ҳақда «ТАCC» хабар берди.

Маълум қилинишича, йигитни қуролли отишма содир этишга Украина фуқароси кўндирган.
«Федерал хавфсизлик хизмати ходимлари таълим муассасасига қуролли ҳужумнинг олдини олди. Кўрилган чоралар натижасида ушбу жиноятни тайёрлашда иштирок этган вояга етмаган Россия фуқароси қўлга олинди», дейилади хабарда.
Қўлга олинган шахснинг кўрсатмасига кўра, «Telegram мессенжери фойдаланувчиси, Украинада яшовчи Овсюк Ярослав уни оммавий қотиллик қилишга кўндирган».
Вояга етмаган шахснинг яшаш жойидан пневматик милтиқ, шунингдек, ушбу турдаги қуролни жанговар қуролга айлантириш бўйича қидирув сўровлари бўлган алоқа воситалари, таълим муассасаларига қуролли ҳужумлар содир этилгани ҳақидаги материаллар олиб қўйилган.
Эслатиб ўтамиз, 11 майда 19 ёшли Галявиев Қозондаги 175-сонли гимназияда отишма содир этиб, етти бола ва икки ўқитувчининг ўлимига сабабчи бўлган, ҳужумда 20 дан ортиқ киши жароҳатланган. Унга нисбатан қотиллик моддаси бўйича жиноий иш очилган, у умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.
Шу билан бирга, йигит қаттиқ бош оғриғи шикояти билан бир неча бор шифокорларга мурожаат қилган ва 2020 йили унга мия хасталиги ташхиси қўйилган. Йил бошидан буён яқинлари унинг тажовузкор ва жиззаки бўлиб қолганини айтган.
Аввалроқ Россиядаги мактабларнинг бирида 6-синф ўқувчиси отишма уюштирганди. Шунингдек, АҚШдаги мактаблардан бирида номаълум шахс отишма содир этганди.