
Ўзбекистон делегацияси Финляндиянинг дарсликлар яратиш тажрибасини ўрганди
Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Халқ таълими вазирлиги ва Ташқи ишлар вазирлиги мутасаддиларидан иборат Ўзбекистон делегацияси Финляндиянинг таълим соҳасидаги тажрибасини жойига чиққан ҳолда ўрганиш мақсадида ушбу мамлакатда бўлиб турибди. Бу ҳақда инспекция матбуот хизмати «Bugun.uz»га хабар берди.

Маълум қилинишича, ташрифнинг дастлабки кунида Ўзбекистон делегацияси аъзолари Отава нашриёт уйи халқаро савдо бўлими раҳбари Мари Кийкинен билан учрашди. Учрашув аввалида Мари Кийкинен хоним нашриёт тарихи, фаолият йўналишлари ҳамда китоблар, хусусан, дарсликларни чоп этишда эътибор қаратиладиган жиҳатлар ҳақида маълумот берди. Отава нашриётига 1890 йилда асос солинган бўлиб, бугунги кунда бадиий, илмий-оммабоп адабиётлар, ўсмирлар ва болалар учун китоблар ҳамда дарсликлар, мультимедиавий ва ўқув материалларини чоп этиш билан шуғулланади. Бугунги кунда нашриёт томонидан чоп этиладиган китоблар 600 номдан ошган.


Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Таълим инспекция томонидан ўқув дастурларини такомиллаштириш бўйича Финляндия тажрибасини ўрганиш ишлари бир йил илгари бошлаган эди. Ўтган давр мобайнида Финляндияда амалда бўлган умумий ўрта (таянч) маълумот олиш учун давлат мажбурий таълим дастури ўзбек тилига таржима қилиниб, изчиллик билан ўрганилди, мавзу юзасидан фин экспертлари иштирокида семинарлар ташкил қилинди. Натижада 22 та фан бўйича узлуксиз таълим тизими учун миллий ўқув дастурлари ишлаб чиқишда ушбу мамлакат тажрибасидан ҳам фойдаланилди.
