Янгиликлар - 13:10 · 23.11.2021

Ўзбекистонда одам савдоси билан шуғулланувчи шахслар рўйхати тузилади

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан одам савдоси жинояти тўғрисидаги маълумотларнинг ягона ахборот базаси юритилади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум қилинишича, мазкур ахборот базаси Ички ишлар вазирлиги тезкор-қидирув департаменти томонидан юритилади. Базада қуйидаги маълумотлар келтирилади:

  • одам савдоси билан шуғулланувчи шахслар;
  • одам савдосидан жабрланганлар, жабрланган деб тахмин қилинаётганлар — аёллар ва болалар ҳақидаги ахборот алоҳида ажратилган ҳолда уларга кўрсатилган ёрдам натижалари;
  • жиноят содир этиш усуллари ва бошқа ахборотлар.

Таъкидланишича, маълумотлардан одам савдосига қарши курашишдаги ваколатли органлар фойдаланиши учун тезкор-қидирув департаменти ва унинг ҳудудий бўлинмаларига ёзма ёки электрон шаклда сўровнома юборади. Сўровнома тушганидан сўнг унинг натижаси бўйича беш кунда жавоб юборилади.

Аввалроқ Ўзбекистонда очилмаган жиноятлар тадқиқ этилиши маълум бўлганди. Шунингдек, Ўзбекистонда коррупция ҳолатлари ҳақида хабардор қилиш дастури ишга туширилиши хабар қилинганди.