Ўзбекистонда баъзи турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини қўшилган қиймат солиғидан озод қилиш уларнинг нархини арзонлаштирадими? Иқтисодчи Абдулла Абдуқодиров «Bugun.uz» журналисти билан суҳбатда бу савол бўйича ўз фикрини билдирди.

Кадр: YouTube / «Bugun UZ»

Абдулла Абдуқодировнинг қайд этишича, бундай турдаги чоралар озиқ-овқат маҳсулотлари тан нархига деярли таъсир қилмайди.

«Математикада коррелацион-регрессион анализ деган тушунча бор. Бу орқали ҳар бир омилнинг кўрсаткичга бўлган таъсир тоши, яъни қийматини кўриш мумкин. Шу қийматни кўрадиган бўлсак, солиқлар таъсири жуда паст. Озиқ-овқат маҳсулотларига келганда тўғридан-тўғри коррелация йўқ.

Масалан, бир нечта солиқ яъни акциз ва қўшилган қиймат солиғи солинадиган товарлар гуруҳи, нефть ва газ маҳсулотлари бор. Уларда солиқ фактори жуда катта ўринга эга бўлади. Лекин озиқ-овқатга келганда қўшилган қиймат солиғидан озод қиласизми ёки йўқми, нарх ўша даражада қолаверади, ўсиб бораверади. Чунки бошқа омиллар таъсири жуда катта. Иккинчидан, бу солиқлар энг охирги жараёнда йўқ қилиняпти. Унга таъсир қилувчи харажат йўқ қилинмаган. Масалан, кимё ўғитларига солиқни йўқ қилганингиз билан уни ишлаб чиқаришда фойдаланилган газдан олинадиган солиқ жойида турибди.

Бутун занжир бўйича ҳамма нарсани қўшилган қиймат солиғидан озод қила олмайсиз. Чунки бу бутун иқтисодиётни мазкур солиқдан озод қилиш билан баравар бўлиб қолади. Биринчидан, бу бюджетга тўғри келмайди. Иккинчидан эса бунинг оқибатида бутун бошли солиқ сиёсатини ва бу орқали бюджетни қайта кўриб чиқишга тўғри келиб қолади», — деган иқтисодчи.

Аввалроқ Ўзбекистонда айрим озиқ-овқат маҳсулотлари қўшилган қиймат солиғидан озод қилинганди. Шунингдек, Жанубий Кореядаги Жэонбук университети магистранти Миркомил Холбоев солиқдан озод этилган гўшт ва бошқа бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари нархи кутилганидек арзонламаганини айтиб, нархлар ўзгаришини таҳлил қилганди.