Шавкат Мирзиёев 23 ноябрь куни Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманидаги Сархумдон маҳалласига борди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, Сархумдон маҳалласида маҳаллабай ишлаш тизим ташкил этилган. Ички йўллар, майдончалар обод қилинган. Яқинда бу ерда янги маҳалла гузари қурилган. Савдо ва маиший хизмат шохобчалари, болалар ўйингоҳи, ҳарбий ватанпарварлик майдончаси ташкил этилган.

Фото: Президент матбуот хизмати
Фото: Президент матбуот хизмати

Маҳаллада 6 минг 500 нафардан ортиқ аҳоли яшайди. Бу ерда 45 та кўп қаватли уй, мактабгача таълим муассасаси ва хусусий мактаб бор. Ўндан ортиқ кичик бизнес корхонасида маҳаллий ёшлар ва аёллар ишламоқда. Президент маҳалладаги шароитларни кўздан кечирган. Ҳарбий ватанпарварлик майдончаси билан танишув чоғида бу ерга аскар ва спортчиларни жалб этиб, ёшларни миллий ғурур ва мардлик руҳида тарбиялаш юзасидан тавсиялар берилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маҳаллада «яшил макон» лойиҳаси доирасида кўчатлар экилиб, мўъжаз боғ барпо этилган. Шавкат Мирзиёев маҳалла оқсоқоллари билан бирга ушбу боққа кўчатлар ўтқазган. Давлат раҳбари Гулобод маҳалласига ҳам ўтиб, мавжуд ҳолатни кўздан кечирган, аҳоли билан суҳбатлашган. 93 ёшли Анвархўжа ота Президентни дуо қилиб, маҳалладаги ўзгаришларни таъкидлаган, оталар чойхонаси қуриб беришни сўраган. Шавкат Мирзиёев бу таклифни қўллаб-қувватлаб, унга мустаҳкам соғлик тилаган.

Фото: Президент матбуот хизмати
Фото: Президент матбуот хизмати
Фото: Президент матбуот хизмати
Фото: Президент матбуот хизмати

Гулобод маҳалласида Шайхонтоҳур тумани Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ҳамда 41-умумтаълим мактаби жойлашган бўлиб, Президент мазкур мактабларни ҳам кириб кўрди, ўқитувчилар билан гаплашди.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Кўраяпсизлар, таълим билан муаллимга шароит яратишга ҳаракат қиляпмиз. Бугун бу ерга келиб, ўзимга кўп хулоса қилдим. Бу мактаб биносини ҳам янгилаймиз. Фанлар учун, спорт учун яхши шароитлар бўлади. Бугун бир тарихий кун бўлиб қолади», — деган Шавкат Мирзиёев.

Аввалроқ Президент Термиздаги хонадонда меҳмон бўлгани хабар қилинганди.