Қозоғистоннинг Ақтўбе вилояти Бестамак қишлоғи аҳолиси ҳудудда, асосан, қорамолларда хавфли оқсил касаллиги тарқалаётганини маълум қилди. Бу ҳақда «Zakon» хабар берди.

Фото: «e-cis.info»

Маълум қилинишича, оқсил касаллиги бу жуда ўткир кечувчи ва ўта тез тарқалувчи инфекцион касаллик бўлиб, туёқли қишлоқ хўжалиги ҳайвонлари, ундан ташқари, ёввойи ҳайвонларни ҳам зарарлайди.

«Кўп тупик ажратди, кейин оғзида яра пайдо бўлди, кейин қон кетди. Сигирларда заифлик кузатилмоқда. Бу ҳолат кўплаб молларда учрамоқда. Ҳайвонлар тупиги ўтда қолиб, бошқасига ўтаётгани боис инфекция жуда тез юқтириб олинмоқда», — дейди қишлоқда яшовчилардан бири.

«КТК» телеканали хабарига кўра, аҳоли қорамоллар орасида тарқалаётган ушбу хасталикдан қўрқмоқда. Чунки у одамларга ҳам юқади.

Бироқ мутахассисларнинг фикрига кўра, қорамоллар унчалик ҳам хавфли бўлмаган инфекция — ринотрахеит билан касалланган. Ветеринария шифокорлари аллақачон шошилинч равишда қорамолларни инфекцияга қарши эмлашни бошлаган. Касал ҳайвонлар ҳовлиларда изоляция қилинган ва қишлоқ аҳолисидан уларни икки ҳафта давомида ҳеч қаёққа қўймаслик сўралган. Қолганларга ҳайвонларда касалликнинг биринчи аломати намоён бўлиши биланоқ мутахассис чақириш тавсия этилган.

Расмийларнинг айтишича, ноябрь ойи бошидан бери фақат Алга вилоятида еттита қорамол инфекциядан нобуд бўлган. Учта овулда жами 60 бош қорамол ва майда шохли моллар ринотрахеит касаллигига чалинган. Бошқа аҳоли пунктларида эса вазият барқарор.

Аввалроқ Қозоғистонда номаълум касаллик оқибатида уй ҳайвонлари ҳалок бўлаётгани хабар берилган. Шунингдек, АҚШда қушларни нобуд қиладиган номаълум касаллик тарқалгани маълум қилинганди.