Янгиликлар - 22:33 · 23.11.2021

Суриядаги АҚШ базасига 5 марта ракета зарбаси берилди

Сурия шимоли-шарқидаги АҚШ базаси 23 ноябрь куни ракета зарбаларига учради. Бу ҳақда «САНА»га таяниб, «РИА Новости» хабар берди.

Фото: «Agence France-Presse»

Маълум бўлишича, базага бешта ракета учирилган. Ҳозирда ҳарбий иншоот атрофида вертолётлар айланиб юргани айтилган. Қайд этилишича, воқеа оқибатида ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар ҳақида маълумот берилмаган.

Таъкидланишича, 22 ноябрь куни база жойлашган провинциядаги қишлоқлардан бирида маҳаллий аҳоли машиналарнинг ўтишига йўл қўймай, Америка ҳарбий карвонини тошбўрон қилган. Бундан ташқари, бир ҳафта олдин худди шундай воқеа Тел-Захаб қишлоғи яқинида содир бўлган.

Айтилишича, АҚШ ҳарбийлари Сурия шимоли ва шимоли-шарқидаги ҳудудларни — Суриянинг энг йирик нефть ва газ конлари жойлашган Дайр-аз-Зор, Ал-Ҳасака ва Ракка вилоятларидаги ҳудудларни назорат қилади. Сурия расмийлари бир неча бор америкалик ҳарбийларнинг мамлакат ҳудудидаги фаолиятини нефтни тўғридан-тўғри ўғирлаш мақсадида ишғол қилиш ва давлат қароқчилиги деб атаган.

Аввалроқ АҚШ Ироқ ва Сурия чегараларида ҳаво ҳужуми уюштирганди. Шунингдек, АҚШнинг Сурияга 2019 йилда берган ҳаво ҳужуми тафсилотлари эълон қилинган.