Тошкент вилоятида террор ташкилот аъзолари ушланди
Тошкент туманида 23 ноябрь, сешанба куни «Катиба Тавҳид вал-Жиҳод» террористик ташкилотининг яширин жамоати аъзолари ушланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бош бошқармаси матбуот котиби хабар қилди.

Таъкидланишича, тезкор тадбир Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлиги томонидан ўтказилган. Гуруҳ аъзолари ташкилот ғояларини тарғиб қилиш билан шуғулланиб келаётгани маълум бўлган.
Улар жамоат бўлиб шаклланишлари давомида турли диний экстремистик ва террористик ташкилотларнинг ғоявий раҳнамолари ҳисобланган Абдуллоҳ Зуфар ва Содиқ Самарқандийнинг аудио ва видео маърузаларини тарқатган ҳолда сафларини кенгайтириш билан шуғулланган.

Бундан ташқари, жамоат аъзолари Суриядаги жангариларга ёрдам бериш мақсадида моддий маблағларни тўплаб келган ва уларнинг сафларига қўшилишни мақсад қилган. Ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Сирдарёда террорчи гуруҳ қўлга олингани хабар қилинганди. Шунингдек, «Тавҳид ва жиҳод катибаси» террор ташкилоти тарафдори Ўзбекистонга олиб келингани маълум қилинган.