Шу кунларда Халқ таълими вазирлиги Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси Ижроия қўмитаси билан ҳамкорликда умумтаълим мактабларининг 10–11-синф ўқувчилари ўртасида «Менинг Президентим» мавзусидаги танловни эълон қилгани муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Сабаби танловнинг Конституция қабул қилинган кун муносабати билан ўтказилаётгани бўлди. Бу жиҳат эса кўплаб саволларни келтириб чиқармай қолмади. Жумладан, блогер Темурмалик Тожиддинзода бу ҳақда қуйидагича муносабат билдирди. 

Фото: «Халқ сўзи»

Танлов жорий йилнинг 20 ноябридан – 20 декабрига қадар тўрт босқичда (мактаб, туман (шаҳар), вилоят ва республика) амалга оширилади.

Вазирликнинг расмий саҳифасида хабар берилишича, Конституция куни муносабати билан 10–11-синф мактаб ўқувчилари орасида «Менинг Президентим» мавзусида танлов эълон қилинади. Унда қуйидаги талаблар ҳам ўрин олган:

— мактаб босқичида «Янги Ўзбекистон мени нигоҳимда» мавзусида эссе ёзиш;

— туман (шаҳар) босқичида «Янги Ўзбекистон — янги имкониятлар» мавзусида иншо ёзиш;

— вилоят ва республика босқичларида «Менинг Президентим» мавзусида тақдимот тайёрлаш ва уни 15 дақиқа давомида ҳакамлар ҳайъатига тақдим этиш.

Танловда 3 нафар ғолиб аниқланиб, уларга турли имтиёзлар берилади.

Жумладан, танловнинг 1-ўрин соҳибига 3 йиллик, 2-ўрин соҳибига 2 йиллик, 3-ўрин соҳибига 1 йиллик тўлов-шартнома пулларини тўлаб бериш ёки грант асосида талабаликка қабул қилинса, мазкур маблағлар миқдорида мукофот пуллари ваъда қилинган.

Танловнинг республика босқичида 1, 2 ва 3-ўринни эгаллаган ғолиб ўқувчиларнинг устозлари мос равишда 30 миллион, 20 миллион, ва 10 миллион сўм пул маблағлари билан мукофотланадилар. Шунингдек, танловнинг республика босқичи ғолиблари (1-, 2-, 3-ўрин) таълим олаётган мактаблари директорларига биттадан ноутбук топширилар экан.

Бош қонун қабул қилинадиган санада Президент улуғланиши кўпроқ Туркманистонни эслатиб юбормадими? Аслида, худди собиқ иттифоқ давридагидай ёшларнинг фикрлаш доирасини ҳам тепадаги амалдорлар белгилаб бермаслиги керак, улар ишонган мафкураларга ёшлар ишонишга мажбур эмас, яккаҳокимлик ва диктатурани қўллаб-қувватловчи ғоялар коммунистлар байроғи қулагандаёқ қулаган, буни тан олишлари учун бугунги рақамли замонга тик қараш кифоя.

Иккиёқлама ҳуқуқий тизим: бир ёқда эркин инсонни шакллантиришга йўналган янги Ўзбекистон таълим тизимидаги ўзгаришлар ҳақидаги бонг уришлар, иккинчи томонда буларни умумлаштириб бўлмайдиган турли кўрик-танловларни ҳеч қандай мезон билан оқлаб бўлмайди.  

Масаланинг иккинчи томони, мазмунан бир-биридан фарқ қилувчи гаплар билан чиқаётган халқ таълими тизимидаги матбуотчилар ва абсурд танловларга сарфланаётган миллионлар реалликни мифга айлантиришга эмас, мактабларнинг моддий-техник базасини шакллантиришга сарфланиши керак (ҳали ҳам кўриниши оғилхонадан сал фарқ қилувчи қишлоқ мактаблари мавжуд).

Бу танловга Касаба уюшмаси ҳам бош-қош бўлиш ўрнига, ҳудудий касаба уюшмалари билан боғланиб, мактабдаги ночор ўқувчиларнинг ўқув қуроллари, иссиқ кийимларини олиб бериши мақсадга мувофиқ бўларди. Касаба уюшмасининг қониқарсиз фаолиятини бундан аввал ҳам муҳокама қилгандик

Маълумотларга кўра, ушбу ташаббус Шерзод Шерматовдан чиққан, янги вазирнинг бунга алоқаси йўқ. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати маълум қилган. Янги халқ таълими вазири ўқувчиларнинг хулқ-атвор моделини бузувчи бундай тадбирларга чек қўяди, деб умид қиламиз, қолаверса, ХТВ тизимида 9 ойда 76,5 миллиард сўмлик молиявий хато-камчиликлар, шундан 16 миллиард сўмлик ўғирлик ва камомад аниқланганини ҳали ёдимиздан чиқарганимиз йўқ

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини англатмайди.