Европа Иттифоқи Марказий Осиё билан ҳамкорликни кучайтирмоқчи бўлган соҳа маълум қилинди
Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида «Европа Иттифоқи — Марказий Осиё — қийинчиликларни имкониятларга айлантириш» номли 17-вазирлар учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг Қирғизистондаги делегациясига таяниб, «24.kg» хабар берди.

Қайд этилишича, учрашувда Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррель, халқаро ҳамкорлик бўйича комиссари Ютта Урпилайнен ва Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлари, шунингдек, Туркманистон ташқи ишлар вазири ўринбосари иштирок этган.
Қўшма матбуот баёнотида иштирокчилар иқлим соҳасида Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, Афғонистондаги воқеалар туфайли юзага келган баъзи муаммоларни ҳал қилишда биргаликда ишлашга содиқлигини яна бир бор тасдиқлаган.
«Европа Иттифоқи Марказий Осиёнинг янада барқарор, фаровон, ўзаро чамбарчас боғланган иқтисодий ва сиёсий макон сифатида ривожланишидан манфаатдор. Биз Афғонистондаги вазиятдан келиб чиқадиган айрим умумий муаммоларни ҳал этиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларимизни ҳам фаоллаштирмоқчимиз. Марказий Осиё давлатлари ислоҳотлар ва демократияга интилишда қатъийлик кўрсатса, Европа Иттифоқи минтақа келажагига катта ҳисса қўшиши мумкин», — дея қайд этган Жозеп Боррель.
Комиссар Ютта Урпилайнен эса Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ҳамкорлиги коронавирус пандемиясидан яшил, инклюзив ва барқарор тикланиш сари қўшма йўл қураётганини таъкидлаб, «Биз фуқаролик жамияти ва ёшлар билан ҳамкорликни янада ривожлантириш учун ишлаймиз», — дея қайд этган.
Аввалроқ Брюсселда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи Ҳамкорлик кенгаши мажлиси бўлиб ўтиши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Европа Иттифоқи Афғонистон ва унга қўшни мамлакатларга миллиард евро ажратиши маълум қилинган.