Facebook’нинг «Толибон» ҳаракатига алоқадор ички ҳужжатлари очиқланди
«Толибон» ҳаракатига маълумот тарқатишни тақиқлаган Facebook ижтимоий тармоғи Афғонистонда ҳокимият ҳаракат назоратига ўтгач, бир қатор истисноларни амалга оширди. Бу ҳақда компаниянинг ички ҳужжатларига таяниб, «The Intercept» хабар берди.

Маълум қилинишича, 2021 йил сентябрь ойи охирига келиб компания Афғонистон Ички ишлар вазирлигига янги йўл ҳаракати қоидаларига оид маълумотларни ва Соғлиқни сақлаш вазирлигига коронавирус ҳақида маълумот берувчи иккита постни эълон қилишга рухсат берган. Бошқа бўлимлар учун розилик берилмаган. Кейинчалик Афғонистон Ички ишлар вазирлиги саҳифаси октябрь ойи охирида ўчирилган, Соғлиқни сақлаш вазирлиги саҳифасига эса 2 октябрдан буён бирорта хабар қўйилмаган.
Қайд этилишича, Facebook август ойида маълум вақт давомида расмийларга «Толибон» ҳаракати аъзолари Афғонистоннинг расмий ҳукумати вакиллари эканини эълон қилишга, август охиридан 3 сентябргача эса барча Facebook фойдаланувчиларига «Толибон»нинг оммавий баёнотини қайта жойлаштиришга рухсат берган.
Facebook вакили Салли Альдус «The Intercept» нашрига «асосий давлат хизматларини кўрсатиш ҳақидаги баъзи cонтент»га, хусусан, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ковид ҳақидаги иккита хабарига рухсат берилганини тасдиқлаган. Ички ишлар, Молия ҳамда Жамоат ишлари вазирлигининг саҳифалари эса баҳолашдан сўнг ўчириб ташланган. Таъкидланишича, компания вакили Facebook ўз сиёсатини қандай ишлаб чиққани ва улар нима учун оммага ошкор этилмагани ҳақида маълумот беришдан бош тортган.
Аввалроқ Facebook, Instagram ва WhatsApp фаолиятида глобал узилиш юзага келганди. Шунингдек, Цукерберг Facebook’даги глобал узилиш оқибатида қанча пул йўқотгани маълум бўлган.