Навоийда эмланмаган ўқитувчиларни ишдан бўшатмоқчи бўлган директорга чора кўрилди
Меҳнат вазирлиги ижтимоий тармоқларда тарқалган, Навоийда директорнинг эмланмаган ўқитувчиларни ишдан бўшатмоқчи, бу орқали ходимларни қўрқитиб қўймоқчи бўлгани айтилган хабарга муносабат билдирди.

Таъкидланишича, ҳолат бўйича вилоят Бандлик бош бошқармаси Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ўрганиш ўтказилган. Ўрганиш жараёнида хабарда кўрсатилган ҳолат ўз тасдиғини топган. Унга кўра, Қизилтепа туман халқ таълимига қарашли 12-умумий ўрта мактаби директори ва ўқитувчиларидан тушунтириш хати олинган.
Юқоридагиларга асосан, Давлат меҳнат инспекцияси томонидан 23 ноябрда мактаб директори номига 18/00-01/11-571-сонли ёзма кўрсатма киритилиб, буйруқ бекор қилинган ҳамда қонун бузилиш ҳолатига йўл қўйгани сабабли директорга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддаси (Меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) 1-қисмига асосан маъмурий жарима қўлланилган.
Аввалроқ Тошкент вилоятида ковидга қарши эмланмаган 7 мингга яқин фуқарога чора кўрилгани маълум қилинганди. Шунингдек, сенаторлар Ўзбекистонда эмланмаган ходимлар ишга қўйилмаслигига доир қонунни маъқуллагани ҳақида хабар берилган.