Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳарбийлари қўшма машғулот ўтказди — видео
Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳарбийлари Термиз полигонида «Ҳамкорлик—2021» қўшма ўқув машғулотлари ўтказди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Келтирилишича, машғулотни кузатиш учун «Термиз» полигонига Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-лейтенант Баҳодир Қурбонов ҳамда Қозоғистон мудофаа вазири генерал-лейтенант Мурат Бектанов етиб келган. Машғулотда ҳарбийлар шартли равишда чегара ҳудудини бузиб киришга уринган ноқонуний қуролли гуруҳга қарши жанг олиб борган. Унда шахсий таркиб қирувчи самолётлар, жанговар вертолёт, зирҳли техника, артиллерия ва учувчисиз учиш аппаратларидан кенг фойдаланган.

Шунингдек, икки давлат мудофаа вазирлиги ўртасидаги 2022 йилга мўлжалланган ҳамкорлик режаси тасдиқланган. Унда тезкор ва жанговар тайёргарлик бўйича ҳамкорликдаги тадбирлар, жамоаларнинг Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳудудида бўлиб ўтадиган халқаро армия ўйинларида иштирок этиши, тажриба алмашиш мақсадида ўзаро ташрифлар ўрин олган.

