Ўзбекистонда томорқа орқали 1,5 миллион аҳолини банд қилиш учун шароит яратилади
Ўзбекистонда томорқа ерлари орқали 1,5 миллион аҳолини банд қилиш учун шароит яратилади. Бу ҳақда Президент раислигидаги қишлоқ хўжалигига оид видеоселектор йиғилишида маълумот берилди.

Қайд этилишича, Президент йиғилишда яқинда қабул қилинган қарорлар билан пахта-тўқимачилик ва ғалла кластерлари фаолияти билан боғлиқ барча масалалар ҳал қилиб берилганини таъкидлаган. Бунинг ҳисобидан тўқимачилик саноати корхоналари экспорти 2021 йилда 3 миллиард доллардан, келгуси беш йилда эса 7 миллиард доллардан оширилиши айтилган.
«Худди шундай ишлаб, мева-сабзавотчилик экспортини бугунги 1,2 миллиард доллардан камида 5 миллиард долларга кўпайтириш бўйича барча имкониятлар бор», — деган Шавкат Мирзиёев.
Маълум бўлишича, буни амалга ошириш учун келгуси йилда пахта ва ғалладан бўшаган 80 минг гектар ер аҳолига бўлиб берилади. 70 минг гектар ер эса фойдаланишга қайтарилади. Шунингдек, аҳолининг ўзида 500 минг гектар атрофида томорқа ерлари мавжуд бўлиб, бу ерлардан қўшимча 10 миллион тонна маҳсулот олиш, 1,5 миллион аҳолини банд қилиш ва 800 миллион долларлик экспорт қилиш учун шароит яратилади.
Йиғилишда Президент мева-сабзавот кластерлари, деҳқон хўжаликлари ва томорқани ривожлантириш, уларни молиялаштириш, агрохизматлар кўламини кенгайтириш бўйича мутлақо янги тизим жорий этилишини таъкидлаган.
Бунинг учун 2021 йил 1 декабрдан Қишлоқ хўжалиги жамғармаси томонидан мева-сабзавот етиштирувчиларни имтиёзли кредитлаш йўлга қўйилади. Кластерларга томорқалардан тайёр маҳсулот сотиб олишга айланма маблағ учун 12 ойлик «револьвер» кредитлар берилади. Шунингдек, экспорт шартномаси бўлган мева-сабзавот етиштирувчиларга ҳосилни хавф-хатардан суғурталаш харажатларининг 50 фоизи бюджетдан қоплаб берилади. Бундан ташқари, кластерлар томонидан чет элдан малакали агроном, энтомолог, лаборатория мутахассиси жалб қилиш харажатларининг 50 фоизигача қисмига субсидия берилади.
Аввалроқ Ўзбекистонда узумчилик ва виночилик кластерлари ташкил этилиши айтилганди. Шунингдек, мамлакатда томорқа ва хонадонларда камида 10 сотихлик иссиқхоналар қурилиши хабар қилинган.