Ўзбекистонда вазирликларнинг ҳудудий бўлинмалари битта бинога жойлаштирилади
Ўзбекистонда вазирликларнинг ҳудудий бўлинмалари битта бинога жойлаштирилиши маълум қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Telegram’даги канали хабар берди.

Маълум қилинишича, Президентнинг давлат бошқаруви органлари ва ҳокимликлар самарадорлигини ошириш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш ҳамда «мобил бошқарув аппарати»ни яратиш мақсадида 2022–2023 йилларга мўлжалланган «Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари дастурини ишлаб чиқиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармойиши қабул қилинган.
Унга кўра, Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари дастури лойиҳасига таклифлар ишлаб чиқилишида қуйидагилар устувор йўналиш ҳисобланади:
- давлат бошқаруви органлари мақомини белгилаш;
- такрорланувчи вазифа ва функцияларини қисқартириш;
- раҳбар ўринбосарларининг йўналишлар кесимидаги жавобгарлик чегарасини аниқ белгилаш;
- вазирлик ва идоралар штат бирликларини мақбуллаштириш;
- бошқарув жараёнини автоматлаштириш, иш юритувини тўлиқ рақамлаштириш;
- «Очиқ идора» лойиҳасини амалга ошириш;
- давлат хизматларини тўлиқ рақамлаштириш ва фуқароларнинг сансалорлигига барҳам бериш;
- вазирлик ва идораларнинг айрим функцияларини нодавлат секторга ўтказиш;
- тегишли вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бўлинмаларини битта маъмурий бинога жойлаштириш орқали аҳолига «Ягона дарча» тизими асосида хизмат кўрсатиш;
- кадрларни танлов асосида ва кенг рақобат муҳитида ишга қабул қилишни тўлиқ жорий қилиш;
- ўз устида ишламайдиган ва масъулияти бўлмаган кадрларга нисбатан «жамоавий таъсир»ни амалга ошириш;
- вазирлик ва идораларда ягона кадрлар рейтингини юритиш;
- давлат хизматчилари томонидан олинадиган кафолатланган бепул хизмат ва воситалар пакетини ишлаб чиқиш;
- тендер ва танловларни очиқ ҳамда шаффоф ҳолда ўтказиш тизимини такомиллаштириш;
- халқ депутатлари кенгашларининг маҳаллалардаги мавжуд муаммоларни ҳал қилишдаги ролини ошириш;
- маҳаллий вакиллик органларида доимий асосда фаолият юритувчи депутатлар корпусини шакллантириш;
- ҳокимлар, уларнинг ўринбосарлари ва маслаҳатчиларининг ваколат чегарасини аниқ белгилаш.
Аввалроқ Ҳисоб палатаси томонидан «2022 йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳаси экспертизаси ва 2022 йил учун бюджетнома таҳлили эълон қилинганди. Шунингдек, Президент 2022 йил учун солиқ тушумлари ҳамда бюджет параметрлари бўйича йиғилиш ўтказгани хабар қилинган.
