Қашқадарёда қотиллик қилиб, яшириниб юрган эркак Тошкент вилоятида ушланди
Тошкент вилоятида 23 ноябрь куни Ўрта Чирчиқ тумани ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноят қидирув бўлими тезкор ходимлари бир йилдан буён қидирувда бўлган эркакни қўлга олди. Бу ҳақда Ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, эркак 1993 йилда туғилган Ш.Ш. бўлиб, Жиноят кодексининг 164-моддаси (босқинчилик) 3-қисми ва 25 (жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш), 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисми «в,д,ж,н,о,п» бандларида кўрсатилган жиноятни содир этган. Унга нисбатан 15 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган. У 2020 йилнинг сентябрь ойидан буён Қашқадарё вилояти ИИБ томонидан қидирувда бўлган. Йигит қўлга олинган вақтида қочишга уринган ва ички ишлар органлари ходимларига бўйсунмай, қаршилик кўрсатган.
Таъкидланишича, ҳозирда унга нисбатан юритилган қидирув иши тугатилган.
Аввалроқ одам ўлдиргани учун қидирувда бўлган ўзбекистонлик эркак Қирғизистонда ушланганди. Шунингдек, Россияда Ўзбекистон томонидан қидирувга берилган шахс қўлга олинганди.