Россияда фанга номаълум тош топилди — видео
Россиянинг Челябинск шаҳрида ўзидан кучли нурланиш чиқараётган, келиб чиқиши номаълум бўлган тош топилди. Бу ҳақда «REN.tv» хабар берди.

Маълум қилинишича, кучли нурланиш манбаси шаҳар марказида жойлашган автосалон ва йўл ўртасидаги пиёдалар йўлагида аниқланган. Воқеа жойига зудлик билан ҳимоя кийимидаги мутахассислар етиб борган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, гамма нурланиш аввалроқ ўша ерда бўлган реклама пештахтасининг кесилган устунидан келиб чиққан. Биринчи тахминга кўра, бу металл қувур парчаси илгари нефть қувурининг бўлаги сифатида ишлатилган. Шу боис унинг ичида радионуклидлар тўпланган.
Қайд этилишича, радионуклид зарралари хавфли ҳисобланади, чунки улар пойабзалга ёпишиб, кейинроқ нафас олиш йўлларига тушиши мумкин. Иккинчи тахминга кўра, ўзидан кучли нурланиш чиқараётган манба фанга номаълум тош бўлиб, қувур ичида жойлашган. Ҳозирда у ердан қазиб олиниб, ўрганиш учун юборилган.
Аввалроқ Россия осмонида яна бир ноодатий ҳодиса кузатилганди. Шунингдек, Россиянинг Санкт-Петербург, Ленинград вилояти ва Карелия ҳудудида аҳоли ноодатий ҳодиса гувоҳи бўлганди.