Шавкат Мирзиёев йил охиригача қайси давлатларга бориши маълум қилинди
Шавкат Мирзиёев 2021 йил охиригача Туркманистон, Қозоғистон ва Жанубий Кореяга сафар қилади. Бу ҳақда «Kun.uz» хабар берди.

«Россияга борганимда ҳамкорликни янада жадаллаштириш масалалари бўйича очиқча гаплашиб олдик. Бундан ташқари, қанчалик оғир бўлмасин, ҳозирги хавфсизлик нуқтаи назаридан ҳам кафолатли ҳамкорларимиз билан алоқаларни мустаҳкамлаб келдик, десак ҳам ҳақиқат бўлади.
Иқтисодий ҳамкорлигимизни ҳам 2–3 карра ошириш, 14,5 миллиард долларлик катта-катта дастурлар ҳақида гаплашдик. Бир нарсага эътибор қаратишимиз керак, ҳозирги рақамлар тезлик билан кўпайиши керак. Бунинг учун энг муҳим нарса — ишонч. Давлатлар орасида ишонч бўлсагина, бу ишлар амалга ошади. Якшанба куни Ашхободга, ундан сўнг Қозоғистонга, кейин Кореяга борамиз. Нимага? Чунки тезроқ мамлакатимизда очилган имкониятларга сармоядор олиб келишимиз керак. Тезроқ инвесторларга шароит яратишимиз лозим», — деган давлат раҳбари.
Аввалроқ — 19 ноябрь куни Шавкат Мирзиёев Россияга жўнаб кетгани хабар қилинганди. Маълум бўлишича, олий даражадаги музокаралар Кремлда бўлиб ўтган. Владимир Путин учрашув аввалида Шавкат Мирзиёевни самимий қутлаб, Президент сайловида ишончли ғалаба қозонгани билан яна бир бор табриклаган ва келгуси фаолиятига муваффақият тилаган. Учрашувда, шунингдек, Ўзбекистонда товар айирбошлаш ҳажмининг 18 фоизи Россияга тўғри келаётгани қайд этилган. Товар айирбошлаш ҳажми пандемияга қарамай, 2020 йили 15 фоиздан кўпроққа ошгани таъкидланган.