ССВ «Янги Ўзбекистон шифокорлари» платформасини ишга туширди
Соғлиқни сақлаш вазирлиги тиббиёт соҳасининг фаол ва ташаббускор ёш вакилларини бирлаштириш мақсадида «Янги Ўзбекистон шифокорлари» платформасини ишга туширди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, янги платформа нафақат Ўзбекистон, балки дунёнинг исталган ҳудудида яшаб, меҳнат қилаётган 45 ёшгача бўлган ўзбекистонлик шифокорлар учун мўлжалланган. У орқали мамлакат тиббиёти олдида турган долзарб масалалар ва уларнинг ечими бўйича янги ғоя, таклиф ҳамда ташаббуслар қабул қилиниб, соғлиқни сақлаш тизими ривожига бағишланган илмий-амалий конференцияда муҳокама этилади.
Таъкидланишича, шунингдек, энг яхши ғоя ва таклифлар берган ёш шифокорлар вазирлик истиқболли кадрлар захирасига киритилади. Бунинг учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги веб-сайтидан рўйхатдан ўтиб, соҳа олдида турган долзарб масалаларнинг ечими бўйича ғоя ва таклифлар қолдирилади. Уларнинг конфиденциаллиги таъминланади.
Аввалроқ Соғлиқни сақлаш тизимидаги қурилишларни лойиҳалаштиришга туркиялик мутахассис раҳбарлик қилиши хабар берилганди. Шунингдек, 9 ойда нечта оилавий шифокор пункти ва поликлиника ташкил этилгани айтилганди.
