Тошкент метрополитенида жетонларни қабул қилиш тўхтатилади
Тошкент метрополитенида йўл ҳақини тўлаш учун жетонларни қабул қилиш 1 декабрь санасидан бошлаб тўхтатилади. Бу ҳақда «Тошкент метрополитени» ДУК матбуот хизмати хабар берди.

Маълумот учун, 2020 йилнинг ноябрь ойидан бошлаб Тошкент метрополитенида йўловчилар учун жетонларни сотиш тўхтатилиб, автоматлаштирилган тўлов тизими жорий этилган. Шундан бери аҳолидаги мавжуд жетонлар қабул килинаётганди.
Тўлов тизимида қулайлик яратиш мақсадида Тошкент метрополитенининг барча бекатлари QR кодли билет, транспорт ва банк карталари ҳамда NFC орқали тўловларни амалга ошириш имконини берувчи стационар валидаторлар билан жиҳозланган.
Аввалроқ Тошкент метрополитенида «FacePay» тизими синовдан ўтказилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Тошкент метросида тадбиркорлик билан шуғулланиш имкони яратилиши айтилган.