Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов 24 ноябрь куни Қашқадарё вилояти Қарши туманидаги 68-мактабга борди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати «Bugun.uz»га хабар берди.

Фото: Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати

Таъкидланишича, ижтимоий тармоқда 23 ноябрь куни «Қашқадарё вилояти Қарши туманидаги 68-мактаб оғир аҳволда» деган мақола тарқалган. Ўрганиш натижасида 338 нафар ўқувчи таҳсил оладиган мазкур мактаб 1985 йилда қурилган бўлиб, мактабнинг аҳволи ҳақиқатан ҳам талабга жавоб бермаслиги маълум бўлди.

Бахтиёр Саидов мактабни 2022 йил инвестиция дастурига киритиш юзасидан тегишли масъулларга кўрсатма берди. Шунингдек, у бугунги кунда Қарши туман халқ таълими бўлими бошлиғи лавозими вакант бўлгани боис мазкур лавозимга номзодларни кўриб чиқиш бўйича кўрсатма берди.

Фото: Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати

Шунингдек, мактабга ишчи ташриф давомида вазир мактаб педагоглари билан суҳбатда бўлган.

«Мактабингизни инвестиция дастурига киритиб, ҳолатини имкон борича тез фурсатларда яхшилаб беришга ҳаракат қиламиз. Бугун сизлардан сўрайдиган нарсам, ўзингиз таълим ва тарбия бераётган ўқувчилар орқали оилаларга маънавият ва маърифат олиб киришингиз керак. Ҳар бир бола орқали биз жамиятга маърифат улаша олишимиз керак. Шунда олдимизга қўйилган мақсадга эришамиз», — деган вазир.

Фото: Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати

Фото: Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати

Шундан сўнг у синфхоналарга кириб, ўқувчиларга вазир дарсини ўтиб берган. Дарс давомида ўқувчиларга ўзлари учун ёрқин келажак яратишга бугундан ҳаракат қилишлари зарурлигини уқтирилган.

«Яхши касб эгаси бўлиш учун бугундан ўз устингизда ишлашингиз лозим. Бугун меҳнат қилсангиз, ўқисангиз, ўз устингизда ишласангиз, эртага, албатта, юксак марраларни забт этасиз», — деган Бахтиёр Саидов.

Аввалроқ халқ таълими вазири Жиззах вилоятига бориб, энг чекка ҳудудларда ҳам ўқувчилар жаҳон стандартига мос таълим олиши лозимлиги, бу борада масъуллар ўқитувчиларга шароит яратиши келгуси стратегиянинг энг асосий йўналиши бўлишини маълум қилганди.