20 йилдан буён ҳар йили 25 ноябрда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Халқаро аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш куни ўтказилиб, бу ҳукуматлар, халқаро ташкилотлар ва нодавлат нотижорат ташкилотлари учун аёлларга нисбатан зўравонлик ҳақида жамоатчиликни хабардор қилиш учун имкониятдир. Аёлларга нисбатан зўравонлик БМТ ва бошқа кўплаб ташкилотлар жиддий эътибор қаратадиган муаммодир. «Bugun.uz» колумнисти Дилбар Исматуллаева ушбу кун тарихи ва Ўзбекистондаги аёлларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари ҳақида ҳикоя қилади.

Фото: «Cire.be»

Аёлларга нисбатан зўравонлик ҳолатларини бартараф этиш бўйича ҳаракатларни давом эттириш зарурлигига эътиборни қаратиш мақсадида дунё бўйлаб турли тадбирлар, аёллар ва уларнинг болаларига зўравонликдан қутулиш имконини берувчи лойиҳалар ва одамларга аёлларга нисбатан зўравонликнинг оқибатлари ҳақида тушунтириш кампаниялари ўтказилмоқда.

Куннинг тарихи қандай?

1960 йил 25 ноябрда Доминикан ҳукмдори Рафаэль Трухильо буйруғи билан учта опа-сингил Патриа Мерседес Мирабал, Мария Аргентина Минерва Мирабал ва Антония Мария Тереза Мирабал Доминикан Республикасида ўлдирилади. Опа-сингиллар Трухильо диктатурасига барҳам бериш учун қаттиқ курашган намояндалар эдилар. Шундан сўнг мамлакатдаги аёллар ҳуқуқлари фаоллари 1981 йилдан бошлаб уч аёл ўлими муносабати билан зўравонликка қарши кураш кунини нишонлашни бошлайдилар. Шундан сўнг 1999 йил 17 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 25 ноябрь Халқаро аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш куни сифатида эълон қилинади.

Халқаро аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш куни муносабати билан ўтказиладиган тадбирлар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аёллар учун тараққиёт жамғармаси (UNIFEM) томонидан мувофиқлаштирилади.

Фото: «Bugun.uz»

Ўзбекистонда бу масалада ҳолат қандай?

Ўзбекистонда аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш мақсадида қизғин расмий ва норасмий ҳаракатлар олиб борилмоқда. Аввало, ҳуқуқий ҳужжатларга тўхталадиган бўлсак, 2019 йилда қабул қилинган «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни бу борадаги жиддий қонуний қадам бўлди. Бундан ташқари, 2021 йилда қабул қилинган «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори ҳамда «хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Вазирлар Маҳкамасининг қарорини ҳам бу ўринда эслаб ўтиш лозим.

Бироқ кўрилаётган расмий чора-тадбирларга қарамай, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) матбуот хизматининг маълум қилишича, аёлларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари йилдан йилга ошиб бормоқда. «2021 йилнинг 15 апрелига қадар омбудсман номига хотин-қизлар томонидан 20 га яқин жинсий ва жисмоний зўравонлик, руҳий тазйиқ ўтказиш билан боғлиқ ҳолатлар бўйича мурожаат келиб тушган. Уларнинг аксарияти Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларига тўғри келади. Уларга нисбатан зўравонлик акс этган рақамлар аслида бундан ҳам кўп бўлиши мумкин. Бунга сабаб эса ўзбек аёлларининг андиша қилиб кўп ҳолда зўравонликларга кўз юмишидир», дейилади хабарда.

БМТнинг аҳолишунослик жамғармаси ва Ўзбекистон гендер комиссияси Telegram каналида ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, унда иштирок этган аёлларнинг 42 фоизи ўзи ва фарзандларини боқа олмаслигидан қўрқиб зўравонликка чидаса, яна 38 фоизи бошқалар томонидан муҳокама (гап-сўз) бўлишдан қўрқиб, зўравонликка кўз юмади. Бундан ташқари, Бош прокуратура берган маълумотга кўра, Ўзбекистонда 2020 йилда номусга тегиш ҳолатлари 27,7 фоизга ошган.

Ўзбекистон БМТнинг «Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида»ги конвенциясига қўшилганига 26 йил бўлишига қарамай ҳамон аёллар ҳуқуқларини поймол қилиш ҳолатлари учраб турибди.

Фото: «Bugun.uz»

Жамоатчилик назоратининг ошганлиги билан характерланаётган сўнгги йилларда мазкур масала ҳам омма эътиборидан четда қолмаяпти. Журналист ва блогерлар томонидан аёллар ҳуқуқлари қизғин ҳимоя қилинмоқда. Турли ижтимоий тармоқларда зўравонликка қарши чиқишга чорловчи ҳаракатлар, челленжлар ва флешмоблар ташкил қилиняпти. Йирик-йирик гуруҳ ва саҳифаларда аёллар билан боғлиқ зўравонлик ҳолатлари қизғин муҳокама қилинмоқдаки, шундай гуруҳлардан бири Facebook ижтимоий тармоғидаги «Сукут сақлама» («Не молчи») ҳаракатига тегишли саҳифадир. 20 мингга яқин обуначига эга саҳифада бугунга қадар минглаб аёллар мурожаати эълон қилинди ва у ёки бу даражада ўрганилди.

Хулоса қилиб айтганда, жонсиз механизмлар — маъмурий-ҳуқуқий ҳужжатлардан кўра жамоатчилик назорати, халқ фикри ва позицияси, ҳолатларни жонли ўрганиш аёллар ҳуқуқлари ва улар билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишда таъсирчанроқ ўрин тутади.