Россиялик миллиардер Алишер Усмоновнинг жияни 25 ёшли Сарвар Исмоилов 11 июнь куни Лондоннинг Гайд-Парк-Гейт ҳудудида жойлашган квартирада Эдмонд Красникига ҳужум қилганликда айбланмоқда. Бу ҳақда «BBC» хабар берди.

Фото: «Clickliverpool»

Маълум қилинишича, 2021 йил июль ойида «Эвертон» футбол клуби директорлар кенгашига қўшилган Исмоилов 2 ноябрь куни «шахсий ва соғлиғи билан боғлиқ сабабларга кўра» истеъфога чиққан. У, шунингдек, «Эвертон» аёллар жамоасининг спорт ва тижорат ишлари бўйича директори бўлган. Маълумотларга кўра, Исмоиловнинг акаси Санжар Исмоилов ҳам жаноб Красникига жароҳат етказганликда айбланмоқда.

Таъкидланишича, 34 ёшли Санжар Исмоилов, шунингдек, 11 июнь куни ўша квартирада Астрид Файчи исмли моделга ҳужум қилиб, тан жароҳати етказишда, шунингдек, унинг «iPhone» смартфони ва қиймати 5000 фунт стерлингдан ортиқ бўлган олмос кўзли билагузугига шикаст етказишда айбланмоқда. Қайд этилишича, туман судьяси ушбу ишни кўришни 15 декабрга қолдирган.

Аввалроқ АҚШ сенаторлари Алишер Усмоновга қарши санкция эълон қилишга чақиргани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Алишер Усмонов Ўзбекистонда қандай соҳаларга сармоя киритиш кераклигини айтганди.