АҚШ президенти Жо Байденда шифокорлар зарарсиз ўсимта аниқлади ва уни жарроҳлик йўли билан олиб ташлади. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Фото: «Reuters»

Маълум қилинишича, Байден ўтган ҳафта тиббий кўрикдан ўтган, шифокорлар унинг соғлиғи давлат раҳбарлиги ва олий бош қўмондонлик вазифаларини ҳеч қандай чекловларсиз бажаришга имкон беришини хулоса қилган.

«Президент Байденнинг ичак қисмидан 3 миллиметрлик, кўриниши жиҳатдан полипга ўхшаш ўсимта олиб ташланди. Гистологик текшириш учун олинган намуна 2008 йилда ундан олиб ташланган ўсимтага ўхшаш аденома экани аниқланди», дейилади хабарда.

Оқ уй шифокори О’Коннор аденома аста-секин ривожланишини ва у зарарсиз эканини қайд этган. Шунингдек, президент мунтазам кузатувга муҳтожлиги таъкидланган. АҚШ президентига кузатув давомида наркоз юборилган ва тиббий жараён давомида президентлик вазифасини вице-президент Камала Харрис бошқариб турган.

Аввалроқ Жо Байденда тиббий кўрик давомида бир нечта касалликлар аниқланганди. Шунингдек, АҚШ президенти Путинга берган ваъдасини бажарганини маълум қилган.