Ботир Зокиров номидаги Миллий эстрада санъати институтига кириш имтиҳонлари 26 ноябрь куни ўтказилади. Бу ҳақда Давлат тест маркази ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Қайд этилишича, тест синовлари 2 сменада ўтказилади. Бунда имтиҳонлар:

  • 1-сменада 10:00 дан 11:00 гача;
  • 2-сменада 12:00 дан 13:00 га қадар бўлиб ўтади.

Тест синовлари бакалавриат таълим йўналиши учун мажбурий 3 та фандан, магистратура мутахассислиги учун чет тили фанидан ўтказилади. Талабгорларга бакалавриат таълим йўналишлари учун мажбурий фанларнинг ҳар биридан 10 та (жами 30 та), магистратура мутахассисликлари учун чет тили фанидан 30 та тест топшириғи берилади.

Бакалавриат таълим йўналишлари учун тест синовларида тўплаш мумкин бўлган максимал балл 63 балл бўлиб, ҳар бир тўғри жавоб учун 2,1 баллдан берилади. Магистратура мутахассисликлари учун эса максимал балл 50 баллни ташкил этади. Шунингдек, талабгорлар тест синовида иштирок этиш учун рухсатномани Давлат тест марказининг «my.dtm.uz» сайтидан онлайн тарзда юклаб олиши мумкин.

Аввалроқ Ўзбекистонда профессионал таълим муассасалари учун кириш имтиҳонлари саволлари тарқаб кетгани айтилганди.