Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Ўқишга киришга кирволиб, контрактини тўлолмай юрган янги талабаларга яхши хабар: тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этилган абитуриентлар учун тўловни амалга ошириш муддати узайтирилиши кутилмоқда.

Фото: «Bugun.uz»

Олий таълим вазирлиги аксарият талаба ва уларнинг ота-онаси мурожаатини инобатга олиб, тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этилган ва ўқишини бир ОТМдан бошқасига кўчирган талабаларга контракт тўловларини амалга ошириш муддатини узайтириш бўйича таклифлар тайёрлаган. Ва бу амалга ошиши мумкин.

МИБ 3 мингдан ортиқ қарздорни қидирмоқда. Уларнинг 2 мингтаси Ўзбекистонда, қолгани чет элда.

Мажбурий ижро бюроси 3 минг 264 нафар қарздорни қидириб топиш ишларини олиб бормоқда. Ўзи, умуман, йил давомида (2021 йилнинг ўтган даврида) 7 минг 800 дан зиёд жисмоний шахс қидирувда бўлган ва улардан 4 минг 500 нафардан (58 фоиз) ортиғи топилиб, мажбурий ижро ҳаракати ўтказилган.

Фото: «Bugun.uz»

Ҳозирда 3 минг 264 нафар қарздорни қидириб топиш чораси кўрилмоқда, ушбу шахсларнинг 2 минг 149 нафари республика ҳудудида яшириниб юргани, 1 минг 115 нафари эса турли мақсадда чет элга чиқиб кетгани аниқланган.

Ўзбекистонда яна ис гази балоси: Нукусда ижарада яшовчи талаба ис газидан заҳарланиб вафот этди.

Фото: «Bugun.uz»

Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида 24 ноябрь куни ижарада яшовчи педагогика институти талабаси Р.Р. ис газидан заҳарланиб вафот этди. Аниқланишича, уйда шу куни марҳумдан ташқари яна 6 киши бўлиб, Р.Р. ошхонада, қолганлар бошқа хоналарда ухлагани сабабли улар ис газидан заҳарланмаган. 

Ҳозирда ҳолат бўйича Нукус шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда. Текшириш ҳаракатлари Қорақалпоғистон прокуратураси томонидан назоратга олинган.

Ўзбекистон МДҲ мамлакатлари орасида электрон чиқинди энг кўп мамлакатлардан бири экани аниқланди. Улар деярли қайта ишланмайди.

БМТ экспертлари томонидан Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари орасида электрон чиқинди миқдори бўйича тадқиқот олиб борди. Унга кўра, сўнгги 10 йил ичида МДҲ давлатлари ва Грузия полигонида импорт қилинадиган электроника ҳажми деярли ўзгармаганига қарамай, электрон чиқиндилар миқдори салкам 1,5 бараварга кўпайган. Бу чиқиндиларнинг атиги 3,2 фоизи қайта ишланган.

Фото: «Shutterstock»

Янги тадқиқотда Бальде ва унинг ҳамкасблари МДҲнинг 11 давлати ва Грузиядаги электрон чиқиндилар билан боғлиқ вазиятни кўриб чиққан ва бундай чиқиндиларнинг аксарияти Россия, Украина, Қозоғистон ва Ўзбекистонда эканини аниқлаган. Бу чиқиндиларнинг атиги 3,2 фоизи, яъни 79 минг тоннага яқини қайта ишланган.

Электрон чиқиндиларни қайта ишлаш корхоналари бор-йўғи тўртта давлатда — Беларусь, Қозоғистон, Россия ва Украинада мавжуд. Уларнинг аксарияти Беларусда бўлиб, у ерда тўпланган электрон чиқиндиларнинг тахминан 33 фоизи қайта ишланади. Бошқа барча ҳудудларда бу кўрсаткич 5–10 фоиздан ошмайди ёки бутунлай нолга тенг.

Маълумот учун, электрон чиқиндиларга эскирган ёки жисмоний эскиргандан кейин чиқиндихонага тушадиган электрон қурилмаларнинг таркибий қисмлари киради. Қоидага кўра, бундай чиқиндиларда олтин, литий, кобальт ва бошқа элементларнинг нисбатан катта миқдори сақланиб қолади, уларнинг захиралари Ерда чекланган ҳисобланади.

Бугунги карикатурамиз IMEI муаммосига бағишланади. Бунга АКТ вазирлигига тайинланган янги раҳбар — Шерзод Шерматов қисқача тўхталиб ўтди.

Фото: «Bugun.uz»

Шерматов бу бўйича чуқур кирмади, шунчаки юзаки «ҳал қилишимиз керак» билан чекланди. Агар вазирнинг сўзлари жиддий бўлиб, ҳақиқатда ўзгариш бўлса, халққа анчайин осон бўлади.

«IMEI кодларини рўйхатдан ўтказиш жараёнини истеъмолчилар учун янада осонлаштириш йўлларини топишимиз керак», — деди АКТ вазири Шерзод Шерматов.

Колумнистимиз Ҳабибулло Мўйдинов IMEI муаммосини карикатура орқали акс эттиришга ҳаракат қилди.

Карикатура: «Bugun.uz» / Ҳабибулло Мўйдинов

Хўш, оламда нима гап?

Қирғизистонда 5 та мактабда теракт содир этмоқчи бўлган 6-синф ўқувчиси ушланди. У бу ҳақда TikTok’да маълум қилган.

Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида 6-синф ўқувчиси 5 та мактабда теракт содир этмоқчилиги ҳақида хабар берди. У ТikТоk’даги аккаунтига Бишкекдаги бир нечта мактабларга режалаштирилган ҳужумлар ҳақида хабар берувчи таҳдидли видео жойлаган.

ТikТоk’даги ушбу саҳифа пойтахт мактабларидан бирида 6-синфда ўқийдиган, 2009 йилда туғилган 12 ёшли болага тегишли экани аниқланган. Тергов пайтида ўқувчи буларнинг барчасини безорилик ниятида қилганини таъкидлаган. Мазкур факт Қирғизистон Жиноят кодексининг 246-моддаси 1-қисми (террорчилик акти тўғрисида қасддан ёлғон хабар бериш) билан рўйхатга олинган. Ҳозирда қўмита ушбу ҳодисага алоқадор бошқа шахсларни қидирмоқда.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.