Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 25 ноябрь куни халқ депутатлари шаҳар кенгашига мурожаат қилди. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати

Мурожаатномада, хусусан, 24 ноябрь куни Шавкат Мирзиёевнинг аҳолини рози қилиш, уларнинг яшаш шароитларини яхшилаш, шунингдек, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари билан танишиш мақсадида Тошкент шаҳрига, жумладан, Шайхонтоҳур туманига қилган ташрифига тўхталиб ўтилган.

«Ассалому алайкум, ҳурматли депутатлар, ҳурматли йиғилиш иштирокчилари. Бугунги сессияни чақиришимиздан мақсад жонажон шаҳримиз, азим пойтахтимизни тоза, озода, кўркам шаҳарга айлантиришда Сиз — ҳурматли депутатларимиз билан фикрлашиб, аниқ йўналишларни белгилаб олишдир.

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 24 ноябрь куни ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев аҳолини рози қилиш, уларни яшаш шароитларини яхшилаш, шунингдек, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари билан танишиш мақсадида Тошкент шаҳрига, жумладан, Шайхонтоҳур туманига ташриф буюрдилар. Ташриф давомида давлатимиз раҳбари маҳаллаларда амалга оширилаётган ‘Обод маҳалла’ дастури ва ‘Яшил макон’ умуммиллий лойиҳа доирасида олиб борилаётган ишлар билан танишдилар. Бевосита аҳоли билан мулоқот қилдилар.

Оммавий ахборот воситалари орқали барчангиз гувоҳ бўлдингиз, Давлатимиз раҳбари аҳоли хонадонларига кириб, уларнинг яшаш шароити билан қизиқдилар. Хонадон эгалари билан яқиндан суҳбат қурдилар. Шунингдек, Президентимиз қатор ижтимоий соҳа объектларини ҳам кўздан кечириб, фарзандларимиз таълим-тарбия олишлари учун яратилган шарт-шароитлар билан ҳам танишди.

Ҳурматли депутатлар, албатта, амалга оширилган ва оширилаётган ишларимиз, ютуқларимиз талайгина, улар ўзимизники. Лекин, шу билан бирга, тан олишимиз керак: йўл қўйган хато ва камчиликларимиз ҳам етарли эканини давлатимиз раҳбари яққол кўрсатиб бердилар. Нафақат кўрсатиб бердилар, балки уларнинг ечими бўйича аниқ йўналишлар ва вазифаларни белгилаб бердилар. Хусусан, ‘Яшил макон’ умуммиллий лойиҳаси ва ‘Обод маҳалла’ дастурини амалга оширилишда йўл қўйган қатор хато ва камчиликларимизни изоҳлашга сўз йўқ.

Хабарингиз бор, давлатимиз раҳбарининг қарорига кўра, ‘Яшил макон’ умуммиллий лойиҳасини татбиқ этиш ҳамда дарахтларни экиш, парваришлаш ва кўкаламзорлаштириш тизимини самарали ташкил этиш мақсадида ‘долзарб 40 кунлик’ эълон қилинди. Лойиҳа доирасида 2021 йил куз ва 2022 йил баҳор мавсумларида ‘1 миллион дарахт’ ташаббуси доирасида дарахт ва бута кўчатларини экиш бўйича бошқарма ва ташкилотлар кесимида дастур ишлаб чиқилди. Шу жумладан, 243 та кўча ва 19 та марказий майдонга 101,6 минг дона манзарали дарахт ва бута кўчатлари экилади. Туман ҳокимликлари томонидан 575 та маҳалладаги бўш ер майдонларига дарахт ва бута кўчатларини экиш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Дастурлар, чора-тадбирлар, албатта, қоғозда жуда ҳам чиройли, салмоқли. Лекин уни амалга оширишда айрим масъулларда фидойилик, ватанпарварлик, шижоат, ўз шаҳрига, яшаётган маҳалласига меҳр-муҳаббат туйғуси етмаяпти», — деган ҳоким.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев, шунингдек, дарахт экиб қўйилгани, лекин кўчатни бунақа тарзда экишни менсимаслик дейиш мумкинлиги, номига тиқиб қўйилгани, давлат дарахт кўчатларига шунча пул бераётгани, аммо маҳаллалар ҳафтада бир кун ўзи яшайдиган уй атрофини йиғиштиришга чиқмаётгани бўйича айтилган Президент сўзларини келтириб, буни ўз ишига берилган баҳо деб билишини маълум қилган.

«Биз ҳурматли Президентимизнинг ушбу сўзларидан хулоса қилишимиз керак. Йўл қўйилган хатоларимизни бартараф этиш чораларини кўришимиз керак. Бу йўналишда ишимизни тубдан қайта кўриб чиқамиз. Бу борада биз амалий ишларни бошлаб юбордик. Жумладан, Тошкент шаҳри ва туманларда ишчи гуруҳлар тузиб, маҳаллаларни бирма-бир ўрганиб, аниқ манзилли чора-тадбирлар белгилаяпмиз. Тасдиқланган графикка асосан, Учтепа туманида ўрганишлар ўтказилди. Бунда маҳаллалар, кўп қаватли уйлар ва уларга туташ ҳудудлар тозалиги, кўкаламзорлаштирилгани, ирригация тизимларини ишлаши ва бошқа масалалар жойида мутасаддилар иштирокида ўрганилди.

Қатор хато ва камчиликларга йўл қўилгани учун бир нечта масъулларга нисбатан кескин чоралар кўришга мажбур бўлдик. Хусусан, Тошкент шаҳар ободонлаштириш бош бошқармаси бошлиғи вазифасидан озод этилди. Шунингдек, Учтепа тумани ҳокимининг қурилиш ҳамда коммунал масалалари бўйича ўринбосарлари ҳам лавозимидан озод этилди. Туман ҳокимига эса ҳайфсан берилди. Ҳудудларни ўрганиш чоғида бир нарса аён бўлдики, ерлик ва кўп хонадонли уйлар жойлашган маҳаллардаги муаммолар бир-бирини такрорламайди.

Кўп хонадонли уйлар жойлашган маҳаллаларда уйларнинг туташ ҳудудлари, ирригация тармоқлари, болалар майдончалари, йўлаклар, уйлар ертўлалари чиқиндидан тозаланмаган. Чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаш ҳоллари ва, минг афсуски, юқори қаватлардан ташлаб юбориш ҳоллари оддий ҳолга айланган. Дарахтларга шакл берилмаган, суғорилмаган. Янги экилган ниҳоллар қаровсиз ҳолда ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Кузги хазонрезги даврида ҳосил бўлган хазонлар йиғилмаган ва ўз вақтида олиб чиқилмаган. Ҳудудларни супуриш мақсадида масъул ходимлар ажратилмаган, ажратилган бўлса ҳам, қоғозда бўлиб, хақиқатда бу ходимлар фаолият юритмаган. Бу ишларга масъул бўлган хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари томонидан юқоридаги муаммоларга панжа ортидан қаралган, уларни бартараф қилиш чоралари кўрилмаган.

Кўп хонадонли уйларда яшовчи фуқаролар бу масалаларга эътиборсизлик билан қараб, ‘Ватан остонадан бошланади’,  ‘Менинг маҳаллам, менинг уйим’, ‘Маҳалла — Ватаннинг бир бўлаги’ каби минг йиллик тушунчаларни унутиб қўймоқдалар. Ҳафта ёки ойда бир маротаба бўлса ҳам, фуқаролар томонидан ота-боболаримиздан қолган удум, анъана — ҳашарлар уюштирилмаган.

Ҳурматли депутатлар!

Юқоридагилардан келиб чиқиб, азим Тошкентимизни озода ва покиза сақлаш мақсадида қуйидагиларни ўзимизга вазифа қилиб белгилаб олишимиз керак. Тошкент шаҳрида ‘Обод маҳалла’ дастури ва ‘Яшил макон’ умуммиллий лойиҳа доирасида олиб борилаётган ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, аҳолига қулай шароит яратиш мақсадида хиёбонлар ташкил этиш, дарахт кўчатларини экиш, уларни парвариш қилиш бўйича ишларимизни жадаллаштиришимиз зарур.

Юқоридаги ҳолатларни бартараф этиш ва ўз навбатида маиший чиқиндиларни белгиланган жойларга олиб бориб ташлашлари, санитария қоидаларига риоя қилишлари, айниқса, ёшларимиз тарбиясида ушбу масалада эътиборли бўлишларини фуқароларимиз онгига сингдириб боришимиз мақсадга мувофиқ бўлади. Ушбу масалаларга аҳолини бефарқ бўлмасликлари учун тушунтириш ва тарғибот ишларини олиб бориш сиз депутатлар ва маҳалла фаолларини роли катта. Бунинг учун барча маҳалларда олиб борилаётган ишларда нафақат бошқарма ва ташкилотлар ходимлари, балки ҳудудда истиқомат қилувчи аҳолини фаоллигини ҳам оширишни зарур деб ҳисоблайман.

Тасаввур қилинг, ҳар бир хонадондан фуқароларимиз фарзандлари билан камида 4 тадан кўчат экса, бу ташаббуслар 2–3 йилдан сўнг шаҳримиз яшиллигига, экологиясига қанчалик ижобий таъсир кўрсатади.

Кўп қаватли уйлар олдидаги бетартиб панжаралар ва ўзбошимча ўрамалар, панжараларни бартараф қилиш, хазонрезгилардан тозалаш, тўпланиб қолган маиший ва бошқа турдаги чиқиндиларни олиб чиқиб кетилишида назорат ишлари кучайтирилиш зарур. Бунинг учун хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари томонидан кўп қаватли уйлар атрофинини тозалаш ишларининг сифатли ва ўз вақтида амалга оширилиши устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш керак. Шу билан бирга, мулкчилик шаклидан қатъий назар барча корхона, бошқарма, ташкилот ва идораларнинг ўз ички ҳудудларида ва туташ ҳудудда ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ҳамда ‘Яшил макон’ умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчатлар экиш, мавжуд дарахтларни парваришлаш, шакл бериш ишларига ҳар куни бир соатдан вақт ажратилса, шаҳримиз озодалиги ва кўркамлиги янада ортади…

Ҳурматли депутатлар, йиғилиш иштирокчилари! Бугунги мурожаатдан келиб чиқиб, барчамиз ўзимиз учун тўғри хулоса чиқариб, вазифаларни аниқ белгилаб, келгусида бундай хато ва камчиликларни такрорламаслигимиз муҳим. Президентимиз бошчилигида барча соҳаларда жадаллик билан олиб борилаётган ислоҳотлар, уларнинг натижаси аҳолининг розилиги ва инсон қадри учун экани бажараётган ишларимизни баҳолашда бош мезон бўлиб қолиши зарур. Эътиборларингиз учун рахмат. Соғ бўлинглар», — деб мурожаатини якунлаган ҳоким.

Аввалроқ Президент Шайхонтоҳур туманидаги маҳаллаларга боргани, унда ободонлаштириш ишлари бўйича танқидий муносабат билдириб, тегишли топшириқлар бергани маълум қилинган.