Фарғона вилояти Қўштепа туманидаги мактабгача таълим ташкилоти биносидан 20 ноябрь куни бир нафар фуқаронинг жасади топилди. Бу ҳақда туман ҳокимининг қарорида маълумот берилган.

Фото: «Bugun.uz»

Суд тиббий экспертизанинг дастлабки хулосасига кўра, марҳум ис газидан заҳарланган деб бирламчи хулоса берилган. Ҳужжатда Қўштепа тумани Қўрғонча маҳалласи Пахтаобод кўчасида жойлашган 27-мактабгача таълим ташкилотида содир бўлган бахтсиз ҳодисани ўрганиш юзасидан туман комиссияси тузилиши айтилган.

Қайд этилишича, туман комиссияси бахтсиз ҳодиса содир бўлган жойнинг ҳолати бўйича барча ўзгаришларни қайд этади. Дудбурон ва шамоллатиш каналларининг лойиҳа ҳужжатларига, белгиланган норма ва қоидаларга мувофиқлигини аниқлайди. Шунингдек, бахтсиз ҳодиса гувоҳларидан тушунтириш хатларини олади.

Бундан ташқари, бахтсиз ҳодиса содир бўлишига олиб келган аниқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилганлик ҳолатлари аниқланади. Зарурат туғилган тақдирда бахтсиз ҳодиса сабабларини аниқлаш учун экспертлар ёки қўшимча мутахассислар жалб этилади. Жалб этилган экспертлар ёки мутахассислардан иборат гуруҳнинг хулосаси ёзма равишда расмийлаштирилади.

Текшириш натижалари бўйича Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 11 февралдаги 64-сонли қарори билан тасдиқланган низомда белгиланган муддатдан кечиктирмаган ҳолда тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, туман прокуратурасига тақдим этилади.

Аввалроқ Самарқандда контейнер ичида икки киши ўлик ҳолда топилганди. Шунингдек, Тошкентда ИИБга сўроқ қилиш учун келтирилган эркак эртаси куни ўлик ҳолда топилгани маълум қилинган.